Ҳарбий тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Марказий клиник госпиталининг янги биноси ишга туширилиб, унинг ҳудудида Қуролли Кучлар тиббиёт академияси фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмади. Шунга қарамай, Марказий клиник госпиталь ҳам, Тиббиёт академияси ҳам ҳарбий тиббиёт соҳасида кўплаб давлатлар билан халқаро алоқалар ўрнатишга улгурди ва бу борада қатор ютуқларга эришди.
Марказий клиник госпиталда фаолият олиб бораётган тажрибали ҳарбий шифокорлар хорижлик ҳамкасблари билан мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга ошираётгани бунга яққол мисол бўла олади. Германия, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Ҳиндистон каби ўнлаб давлатлар билан тиббий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилгани ҳам ютуқлар самарадорлигини таъминламоқда. Энг асосийси, ҳамкорлик алоқаларининг доираси янада кенгайиб, Ўзбекистон ҳарбий тиббиёт соҳасида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.

Шу кунларда Қуролли Кучлар Марказий клиник госпиталида покистонлик ҳарбий жарроҳлар ва НАТО ҳарбий тиббиёт мутахассислари билан икки ҳафталик ўзаро тажриба алмашиш жараёни бошланди. Марказий клиник госпиталь шифокорлари ҳамкорлик алоқалари доирасида покистонлик ҳамкасблари билан қатор жарроҳлик амалиётларини ўтказишади. Амалиёт давомида Покистон давлати делегациясига тиббиёт полковниги Имрон Ашраф бошчилик қилади. Юртимизга ташриф буюрган доктор Имрон Ашраф Қуролли Кучлар Марказий клиник госпитали билан яқиндан таништирилди.

НАТО ҳарбий тиббиёт мутахассисларининг ташрифи эса Қуролли Кучлар тиббиёт академияси ўқув жараёни, амалиёт хоналари фаолияти билан танишишдан бошланди. Жеймс Барлоу (АҚШ), Колин Тейлор (Канада) ва Росен Русанов (Болгария) каби делегация аъзолари Ўзбекистонга ташрифи давомида Қуролли Кучлар тиббиёт академияси курсантлари ва соҳа мутахассислари иштирокидаги ўқув курсларида қатнашади.
Хориж делегацияси вакиллари билан ташкиллаштирилаётган ўзаро тажриба алмашиш дастуридан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси ҳарбий тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва уни халқаро стандартлар асосида қуришдан иборат.
Н.Раҳмонова, ЎзА