Ҳарбий соҳада 30 йилдан кўп хизмат қилганларнинг пенсияси оширилади (+видео)
Қонун лойиҳасига шарҳ
Юртимиз тинчлиги, халқимиз хавфсизлигини таъминлашда ҳарбий хизматчиларнинг ўрни ва фидокорона хизматлари алоҳида аҳамиятга эга.
Яқинда парламент қуйи палатаси томонидан “Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Унда ҳарбий соҳада узоқ йиллар фидокорона хизмат қилган, ўз ҳаётини юртимиз истиқболи учун бағишлаган ҳарбийларимизни қўшимча рағбатлантириш, оиласини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари назарда тутилган.
Мазкур қонун лойиҳаси ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Козимжон Тожиев батафсил шарҳлаб берди:
— Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус тузилмалар ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Бугунги кунга қадар ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотига оид масалалар эски ҳужжатлар билан юритилаётган эди. Энди пенсия таъминотига оид ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда бу миллий қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Лойиҳа билан ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини давлат пенсияси билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини қонун билан белгилаш, ушбу пенсияни тайинлаш шартлари, турлари, миқдорлари ва тартибига оид нормалар такомиллаштириляпти. Соҳадаги пенсия таъминоти яхшиланяпти, тизим янгиланяпти.
Хусусан, ҳарбий соҳада 30 йилдан ортиқ хизмат қилганлар учун пенсиянинг базавий миқдорини аниқлашда иш ҳақининг ҳисобга олинадиган миқдорини амалдаги 75 фоиздан 100 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, пенсия тайинлашда асос бўладиган пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини ўн бараваридан келиб чиқиб ҳисоблаш амалиётини 12 бараваридан келиб чиқиб амалга ошириш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, пенсияга қўшиладиган озиқ-овқат компенсацияси миқдорларини ҳам ошириш кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатларни аниқ тартибга солишга хизмат қилади. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, фарзандларининг ижтимоий таъминоти янада яхшиланади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WpKFOoD5u5Q" title="Harbiy sohada 30 yildan ko‘p xizmat qilganlarning pensiyasi oshiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Ойбек Давронов,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА мухбирлари