Ҳарбий қисмда «Очиқ эшиклар куни»
Ватан ҳимояси — шарафли бурч, юртга хизмат — юксак масъулият. Ана шу эзгу ғоялар асосида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақирув резерви батальонида «Очиқ эшиклар куни» тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида ташкил этилган тадбир ёшлар учун мазмунли ва унутилмас учрашувга айланди.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Гулистон ҳарбий прокуратураси, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.
[gallery-30811]
«Очиқ эшиклар куни» давомида ёшлар ҳарбий қисм ҳаёти билан яқиндан танишдилар. Улар ҳарбий хизматчиларнинг кундалик фаолияти, хизмат тартиби, машғулот жараёнлари ва ҳарбий хизмат учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот олдилар.Бундан ташқари, уларга ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳияти, Ватан ҳимоячисининг шарафли ва масъулиятли бурчи, юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда Қуролли Кучларнинг ўрни ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан жавоблар қайтарилди. Айниқса, ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни ошириш, ёшларни жисмонан бақувват, маънан етук ва иродали этиб тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
— Бундай тадбирлар ёшлар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Чунки улар ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳиятини бевосита англаб, Ватан ҳимоячиси бўлиш қандай шарафли ва масъулиятли вазифа эканини юракдан ҳис қиладилар, — дедди Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармасининг Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурхон Абдуалимов.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА