Ҳарбий қисмда миллий қадриятлар тараннум этилди
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Какайди гарнизонидаги ҳарбий қисмда “Миллий қадриятлар ва урф-одатларни билиш ҳамда ҳурмат қилиш шарафли бурч” шиори остида кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Қизиқарли баҳсларга бой бўлган беллашувда мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келиб, Какайди гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Ватан посбонлари ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш, моддий-маънавий рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган кўрик-танловда ҳар бир оила ўзларига ажратилган жойларда туғилиб ўсган вилоятларининг миллий қадриятларини кўрсатиш учун ҳудудларни безаб, саҳна чиқишларини намойиш этди. Ҳарбий хизматчилар оила аъзолари билан дастурхон безаб, ўз вилоятидаги миллий таомларни тайёрлаш сирларини кўрсатди. Уларнинг маҳоратини малакали ҳакамлар ҳайъати муносиб баҳолаб борди.
Танловда Сурхондарё вилоятилик III даражали сержант Жамшид Турдиев биринчи ўринни эгаллади. Андижон вилоятидан кичик сержант Жасур Тожиаҳмедов иккинчи, Қорақалпоғистон Республикасида камолга етган кичик сержант Алишер Қутлимуродов учинчи ўринни қўлга киритди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-18372]
Кўрик-танлов эл суйган санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири