"Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги" давом этмоқда
Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши асосида жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабргача “Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги” профилактика тадбири ўтказилмоқда. Бунда серқатнов чорраҳалар, одамлар гавжум бекатлар, бозорлар, ўқув муассасалари атрофида транспорт воситалари қоидаларга риоя қилиши зарур бўлади.

Таҳлилларга кўра, ҳудудда содир бўлган йўл транспорт ҳодисаларининг 30 фоизини “Дамас” русумли автоуловлар иштирокида бўлганлигини инобатга олиб, ойлик доирасида шу русумдаги автоулов ҳайдовчилари билан жойларда профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, вилоят ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан таълим муассасалари, автокорхона ва ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва жамоат жойларида “Диққат йўловчи”, “Умр тезликдан муҳимдир” ва “Хавфсизлик камари ҳаёт гарови” шиорлари остида профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ойлик давомида туман-шаҳар кўчаларида ЙТҲларнинг аянчли оқибатини акс эттирувчи “автокарвон”лар юргизилиб, жараёнда ҳаракат иштирокчилари билан суҳбатлар ташкил қилинмоқда. Суҳбатларда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида янги қабул қилинган қарорлар, йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлаётган омиллар ва янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари тўғрисида иштирокчиларга ҳуқуқий тушунчалар берилиб, содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан тайёрланган видеолавҳалар намойиш этилмоқда.


Хусусан, Паркент тумани ҳудудида фаолият юритувчи автомактаб ўқитувчилари билан йўлларда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари, ўқувчиларга таълим бериш жараёнида урғу берилиши керак бўлган ҳолатлар юзасидан учрашув ташкил этилди. Бундан ташқари, ушбу ойлик самарадорлигини ошириш мақсадида қоидаларга амал қилмаган ҳаракат иштирокчиларига тегишли чоралар кўрилмоқда. Пиёдаларга йўл бермагани учун 1 минг 47 нафар ҳайдовчига чора кўрилган бўлса, 838 та ҳолатда пиёдалар қоида бузгани аниқланган. Қоидаларга амал қилмаган пиёдаларнинг аксарияти ёшлар бўлиб, пиёдалар ўтиш йўлагидан (мумкин бўлмаган жойлардан ҳам) қулоқчинлар тақиб ёки видео маҳсулотлар кўрган ҳолда ҳаракатлангани аниқланган. ЙПХ ходимлари томонидан улар билан шу ернинг ўзида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, тушунчалар бериляпти. Шунингдек, тадбир давомида турли ҳолатлар юзасидан қидирувда бўлган 670 та автомобиль ва 75 та қидирувдаги шахс ЙПХ ходимлари томонидан аниқланиб, қонуний чора кўрилиши таъминланди. Ҳозирда вилоят бўйлаб "Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги" доирасида назорат-рейд ва фаол тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.