Ҳар йили вазирликлар, тармоқлар, банклар ва ҳокимликлар ўртасида республика биринчиликлари ўтказилиши белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Ҳар бир вазир, тармоқ ва банк раҳбари, вилоят, туман ҳокими ходимлари спорт билан шуғулланиши учун ўзи намуна бўлиб, шароитларни кенгайтириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Мазкур жараёнда ҳафтада бир кун спорт куни сифатида белгиланиши, бу кунда вазирлик, идора ва ташкилотларда спорт машғулотлари ўтказилиши белгиланди. Агар спорт зали бўлмаса, спорт базалари ёки федерациялар билан шартнома тузиш, камида 4 та спорт тури бўйича йилига 2 марта мусобақа ташкил қилиб, ғолибларни тақдирлаш топширилди.
Жорий йилдан бошлаб ҳар йили вазирликлар, тармоқлар, банклар ва ҳокимликлар ўртасида республика биринчиликлари ўтказилиши белгиланди.
Хусусий сектордаги меҳнат жамоаларида ҳам оммавий спортни ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятлар яратилади.
Тадбиркорлар ўз ишчи-ходимлари учун спорт зали, майдончаси қуриш ва жиҳозлаш учун қилган харажатлари фойда солиғи базасидан чегирилади, жалб қилинган тренерлар учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади.
ЎзА