Ҳар туп ниҳолни асраш бурчимиздир
21 март – Бутунжаҳон ўрмонларни ҳимоя қилиш куни
Ўтган асрнинг 1971 йил 21 март кунидан бошлаб “Бутун жаҳон ўрмонларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонлаб келинади. Ушбу сана ташаббускори 1971 йилда БМТнинг 23 Бош Ассамблеяси томонидан Европа қишлоқ хўжалиги Конфедерацияси ўрмонларни ҳимоя қилиш мавзусидаги маърузаси сабаб бўлиб, бу ғоя БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан қўллаб-қувватланган.
Ўрмон ва унинг бойлигини сақлаб қолиш масаласи бугунги кунда дунёнинг барча мамлакатлари учун энг муҳим экологик муаммолар қаторида турибди. Сўнгги йилларда Ер куррасидаги ўрмонларнинг йўқолиб кетиши билан боғлиқ муаммолар бутун дунё халқаро ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Чунки ўрмонларнинг йўқ бўлиши, аввало, иқлим ўзгариши, атмосфера ҳавосини ифлосланиши, чўлланиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси йўқ бўлиб кетиши каби муаммоларни келтириб чиқаради. Шу сабабли мамлакатимизда табиий ўрмонзорларни сақлаш, ўрмонларни кенгайтириш, мевали ва манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиш ишларини самарали ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жиззах вилоят ҳудудида, жами 254 минг 407 гектардан зиёд ер майдонлари ўрмон хўжаликлари тасарруфига киритилган. Бугунда, вилоятдаги ўрмон хўжалигига тегишли ерларнинг салкам 84 минг гектар майдони ўрмон билан қопланган. Шундан, 12 минг 630 гектарини маданий, 14 минг 908 гектарини туташмаган, 24 минг 326 гектарини сийрак ўрмонзорлар ташкил этади.
Вилоятда ўрмонзорларни ташкил этиш ва уларни муҳофаза қилиш мақсадида Бахмал, Зомин, Фориш, Хўжамушкент давлат ўрмон хўжаликлари ҳамда Ғаллаорол ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги фаолият юритиб келмоқда. Мазкур хўжаликларда ўрмон ва иҳота дарахтзорларни барпо этиш, кўчатхоналар, турли дарахт, бута ва гул кўчатларини кўпайтириш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Жумладан, Зомин давлат ўрмон хўжалиги томонидан ўтган 2023 йил давомида 476 гектар ер майдонида ўрмонзорлар барпо қилинди. Асосан тоғ ва адирликларда ташкил этилган ўрмонлар томчилатиб суғориш йўли билан ўстирилди. 356 гектар ер майдонига хандон писта, 10 гектарига бодом, 110 гектарига бошқа турдаги мевали дарахт ва буталар экилиб парвариш қилинмоқда.
Шароф Рашидов тумани давлат ўрмон хўжалиги 1949 йилда ташкил этилган. Бу жойдаги ер майдони 4711 гектардан ортиқни, ўрмон билан қопланган майдони эса 1552 гектарни ташкил этади. Умумий майдонга нисбатан 33 фоизи ўрмон билан қопланган.

– Хўжалигимизда ғужумни қайрағоч дарахтига пайванд қилиш орқали қайрағоч-ғужум кўчатини етиштириш бўйича тажриба тўпланган, – дейди Шароф Рашидов туманидаги Жиззах давлат ўрмон хўжалиги раҳбари Абдукарим Холматов. – Айни пайтда 400 минг туп дарахт кўчатлари парвариш қилинмоқда. Шунингдек, серсоя ва сергул павлония дарахти кўчатларини етиштириш бўйича ҳам янгича усулдан фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўрмон хўжаликлари томонидан жорий йилда вилоят бўйича 2315 гектар ер майдонида ўрмонзорлар барпо этиш белгилаб берилган. Хўжаликлар томонидан мелиорация объектлари атрофида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун 200 гектар ер майдонига иҳота дарахтлари экиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ўрмон хўжаликларида хусусий сектор субъектлари билан биргаликда лимончиликни 2,2 гектарга кўпайтириш ва ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги корхоналар даромадларини 25 миллион 90 минг сўмга етказиш вазифаси юклатилган.

Ўрмонзорлар жонли мавжудот учун тоза кислород ишлаб чиқаришда ва бизни глобал иссиқ ҳамда чўлланишдан сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, ҳар туп ниҳолни асраб авайлаш нафақат соҳа ходимларининг балки, ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлмоғи лозим.
А.Қаюмов, ЎзА.