Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз!
Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!
Юртимизда баҳор нафаси кезмоқда. Ҳар куни, кун ора ёмғир ёғиб, ариқлар сувга тўлмоқда. Табиат уйғониб, жонзотлар ғимирлаб қолди. Баҳорнинг илк гуллари – бойчечагу қоқигуллар, майсалар бўй кўрсатиб, дов-дарахтлар яшилликка буркана бошлади.

Ҳар йили юртимизда миллий анъана ва қадриятларимизни ўзида мужассамлаштирган Наврўз айёми ўзгача нишонланади. Айниқса, баҳор фасли даракчиси, нафосат байрами ҳисобланган Наврўз сайиллари турли ҳудудларда бир-бирини такрорламаган, ўзига хос анъаналарга асосланган ҳолда ўтказилади.
“Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида бу йилги байрам Навоий вилояти Ғозғон шаҳрида ҳам миллийлик ва анъаналаримизни ўзида жо айлаган тадбирлар билан бошланди.
Дастлаб шаҳар маданият бўлими ходимлари ва фольклор жамоаси ушбу сайил ва тадбирларни ўзига хос чиқишлар билан бошлаб берди.

Кекса ёшдаги отахонлар ўз набиралари билан мевали дарахт кўчатлари ўтқазди. Бу эса нуронийларимизнинг ҳам “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирига бефарқ эмаслиги, ёшларга ўрнак эканлиги белгисидир.
Хуш кайфият, болаларнинг шодон кулгуси ва кексаларнинг дуолари билан бошланган Наврўз сайлида минг йиллик анъаналар ва удумлар қайта жонланди.
– Наврўзи олам Ғозғон шаҳрида ҳам кўтаринкилик билан нишонланмоқда, – дейди шаҳар ҳокими Азимжон Бозоров. – Байрам арафасида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Кам таъминланган, ўзгалар кўмагига муҳтож, бемор юртдошларимиз ҳолидан хабар олинмоқда. Байрам сайлида ёшларимиз ўртасида халқ миллий ўйинларимиздан арқон тортиш, билак кучини синаш, беш тош каби ўйинлар ташкил этилмоқда. Айниқса, нуронийларимизнинг ёш авлод вакиллари билан ташкил этилаётган учрашувларида тарихимиз ва бугунги кунимизда амалга оширилаётган ишларимиз, ўз ҳаётий тажрибалари ҳақидаги фикрлари, панд-насиҳатлари ёшларимиз таълим-тарбиясида ўзига хос ўрин тутмоқда.

Сайил давомида момомерос юмушлардан бири ип йигириш, пахта савалаш каби ҳунармандчилик ишлари ёшларда катта таассурот қолдирмоқда.
Ҳар бир маҳалла, ҳар бир ташкилот ва корхоналарда нишонланаётган Наврўзи олам тадбирларида дастурхонларга сумалак, кўк сомса, ош каби миллий таомларимиз тортилмоқда.

Куй-қўшиқлар ва рақслар давраларга кўтаринкилик бағишламоқда. Наврўз сайиллари барча маҳалла ва қишлоқларда давом этаяпти.

Абдували Бўриев, ЎзА