Ҳар қарич ер эътиборда бўлади
Андижон вилояти Олтинкўл туманида “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиш” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда туманлар ҳокимлари ўринбосарлари, мазкур соҳага алоқадор ташкилот ва корхоналар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, карантин агентлиги мутахассислари, томорқа ер эгалари иштирок этди.
Семинар очилишида сўз олган Андижон вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Юлдашев, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Абдукарим Жалилов дала четлари, каналлар, суғориш тармоқларининг атрофларида, хонадонлар ва кўп қаватли уйларнинг олди ҳамда маҳалланинг ички кўчалари четларидаги бўш турган майдонлар, аҳоли томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш масалалари хусусида гапирди. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича вилоят ҳамда туманларда ишчи гуруҳлар тузилганлиги таъкидланди.
– Мазкур йўналишдаги ишларни самарали йўлга қўйиш мақсадида хатлов ўтказилди, – дейди Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Абдукарим Жалилов. – Дастлабки ўрганишлар давомида вилоят бўйича жами 46 минг 945 гектар экин майдони борлиги маълум бўлди. Жумладан, ана шу экин майдонларининг 25 минг 575 гектари аҳоли томорқаларида, 17 минг 629 гектари деҳқон хўжаликларида, 1 минг 496 гектари хонадонлар, 26 гектари кўп қаватли уйлар олдида, 19 гектари маҳаллаларнинг ички кўчалари, 2 минг 159 гектари фермер хўжаликлари далалари четларида, 42 гектари канал-коллектор атрофларида эканлиги аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу майдонларга экиш учун 16 минг 15 тонна уруғлик, 4 миллион туп мевали дарахт кўчатлари захирасини яратиш талаб этилади. Ана шундан келиб чиқиб, вилоятда уруғлик ва кўчатлар захирасини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Семинарда мутахассислар томонидан Президент қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Иштирокчиларга мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш Олтинкўл туманидаги “Мирзаканал саховати” фермер хўжалигида амалга оширилган ишлар мисолида кўрсатиб берилди.
– Хўжалигимиз 60 гектар майдонда деҳқончилик қилади, – дейди “Мирзаканал саховати” фермер хўжалиги раҳбари Жаҳонгир Ўрмонов. – Далаларимиз ҳамда зах тортиш учун чиқарилган зовур четларидаги бўш турган 60 сотих майдонга Андижон гилоси, турли навли узум кўчатлари экилди, зовурда эса 100 бош ўрдак боқишни бошладик. Бу аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, қолаверса, яхшигина даромад олиш имконини беради.
Мутахассислар Президент қарорида дала четларидан самарали фойдаланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўзда тутилган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берди. Хусусан, уларга ички фитосанитария сертификати бир йил давомида бепул берилиши ёки дала четларига экиш учун “in-vitro” усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизгача қисми Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия асосида қоплаб берилиши айтиб ўтилди.
Иштирокчиларга маҳсулот етиштириш, экспортга йўналтириш, умуман, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
– Семинарда Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича зарур маълумотлар олдик, амалий ишларни кўрдик, – дейди “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги “Мелоратив участка” ташкилоти Қўрғонтепа туман бўлими бошлиғи Нафисахон Мирзараҳимова. – Бу албатта, белгиланган ишларни самарали ташкил этишимизга ёрдам беради.
Туманимизда 35 километр узунликдаги канал-коллекторлар мавжуд. Уларнинг четлари ва муҳофаза ҳудудларидаги бўш турган майдонларга мева кўчатлари ҳамда экинлар экиш бўйича зарур ишларни амалга оширамиз.
Шунингдек, амалий семинар доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар, уруғлик, кўчатлар, шунингдек, зарур жиҳоз ва иш қуроллари етказиб бериш бўйича кўргазмалар ташкил этилди.
Семинар қатнашчилари мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш, қолаверса, аҳоли ва хўжаликлар даромадини янада кўтариш учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
Бу каби амалий семинарлар Андижон вилоятининг барча туманларида бўлиб ўтмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари