Ҳар лаҳзаси қадрли мусобақа
Ўз касбининг усталари маълум бўлди.
Фориш тоғ-дала ўқув майдонида халқ орасида анчайин тилга тушган, кўпчиликни қизиқтирадиган Қуролли Кучлар миқёсидаги “Ўз касбининг устаси” унвони учун мусобақалар қизғин тарзда ўтказилиб, якунига етди. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Мен ғолиб" шиори остида ўтказилган ушбу мусобақа ҳарбий хизматчиларнинг назарий ва амалий кўникмаларини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Иштирокчилар отиш тайёргарлиги, тактик вазифага жавоб тайёрлаш, 3 км ва 100 метрга югуриш, турникда тортилиш, техник тайёргарлик, ягона тўсиқлар йўлагидан ўтиш каби қатор вазифалар бўйича беллашдилар. Саралар сараланиб “Энг илғор ҳарбий қисм командири”, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор гуруҳ командири” ва “Энг илғор сержант” маълум бўлди. Натижалар нафақат ҳарбий хизматчилар, балки уларнинг яқинлари учун ҳам қизиқарли эди. Шунинг учун ҳам иштирокчилар ҳар бир лаҳзанинг қадрига етиб, бор ғайрат-шижоатларини ишга солиб, ғолиблик учун интилдилар.
Тасаввур қилинг, майдонда яқиндагина ҳарбий хизматни бошлаган аскар ёки курсант эмас, бир неча йиллик тажрибага эга Ватан ҳимоячилари беллашяпти. Улар бир-биридан билим ва кўникмада қолишмайди, жанговар тобланган, жисмонан чиниққан. Аммо улар орасидан ҳам энг кучлилари ғолиб бўлади.
Мусобақа иштирочиларининг хатти-ҳаракатларини кузатсангиз ҳавасингиз келади. Барча шартларни енгил ва осонлик билан бажарадилар. Лекин улар бу даражага келгунича қанча машқ қилганликларини илғаш қийин эмас. Зеро, нишонга теккан ҳар бир ўқ – юзлаб машқлар натижаси.

Бир неча кун давом этган мусобақа якунига қадар майдонга тушган ҳарбий хизматчилар бирпас бўлсин, тин олмади. Улар фавқулодда вазиятда дуч келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатга тайёргарлик юзасидан вазифалар бажардилар. Иштирокчилар фақат жанговар ва жисмоний тайёргарлик жиҳатидангина беллашмадилар. Тест саволларига ҳам жавоб бериб, бошқалардан билим ва кўникмалари қанчалар фарқ қилишини билиб олдилар.
Мусобақада мутлақ ғолиб бўлган “Энг илғор ҳарбий қисм командири”, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор гуруҳ командири” ва “Энг илғор сержант”лар Ватан ҳимоячилари куни тантаналарида тақдирланади.
Азиз НОРҚУЛОВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва
оммавий коммуникациялар департаменти