Ҳар доим огоҳ ва сергак бўлиш даркор
Бухорода Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги тизимида фаолият юритаётган отинойилар учун ўқув- семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзбекистонда янги уйғониш – Учинчи Ренессанс даврида аёл маърифатининг моҳияти”, “Бузғунчи оқимлар: уларнинг мақсадлари ва тарғибот йўллари”, “Жамиятда аёллар, ёшлар ўртасида бидъат ва хурофотларнинг олдини олишда отинойиларнинг турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги вазифалари”, “Маънавий маърифий тарбияга муҳтож оилалар билан ишлаш”, “Фирибгарлик ҳамда ўғирлик жиноятларини олдини олиш, айниқса, хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлик йўналишлари” мавзуларида маърузалар тингланди.
Хотин-қизларнинг маънавиятини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш, турли ёт ғояларга тушиб қолмасликлари учун тарғибот тадбирларини олиб бориш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож, оғир аҳволдаги оилалар, шунингдек, ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турувчи оилаларнинг аёллари, вояга етмаган болалари билан профилактик ишларни кучайтириш, маҳаллаларда ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларини олдини олиш борасидаги огоҳлантирув ҳамда тушунтириш ишларини мунтазам амалга ошириш борасида тарғибот ишларини кучайтириш таъкидланди. Айниқса, хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлик йўналишлари юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди. Асосий эътибор жиноят қурбонига, айниқса, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик юзасидан тарғибот тадбирларини ва узвий ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишиб олинди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов қатнашди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири