Ҳар давлат ҳаддини билиши керак...
Россия-Украина
Хитой тинчлик режасини эълон қилишда Украина билан маслаҳатлашмаган, бу Пекиннинг нияти жиддийлигини шубҳа остига қўяди, деб баёнот берди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс.
“ХХР мазкур зиддият тезроқ тўхташини истаганида, Москвага таъсир ўтказарди”, деди у.
Молдованинг собиқ Президенти Игорь Додон ҳокимият Конституцияда қайд этилган бетарафлик мақомига содиқ қолиб, мамлакати Украина масаласига аралашиб қолишининг олдини олиши керак, деб ҳисоблайди.
“Устувор вазифамиз иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа бўлиши керак. НАТОга кириш ҳақида гап очиш тўғри эмас”, дея қўшимча қилди сиёсатчи.
Буюк Британия Украинадаги можаро музлатиб қўйилишига йўл қўймоқчи эмас ва Киев шартига кўра, низо тезроқ барҳам топишига умид қилмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик Бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Тим Бэрроу баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, Лондон Киевга қирувчи самолёт етказиб беришни ўйламаяпти, танк ва ҳарбий техника юборилиши етарли.
Германиянинг “Bild” газетаси ёзишича, 2023 йил кузигача тинчлик ўрнатилмаса, Ғарб мамлакатлари Украинани Россия билан музокара олиб боришга мажбурлаши керак.
Польша Украинага қурол-яроқ етказиб беришни бошлаган, деб маълум қилди мамлакат Бош вазири ўринбосари, миллий мудофаа вазири Мариуш Блашак “Polska. Metropolia warszawska” нашрига берган интервьюсида.
У жумладан “Бугунгача Варшава Киевга “Т-72” танклари, артиллерия снаряди ва ўқ-дори, кўчма зенит-ракета мажмуаси, учувчисиз бошқариладиган қурилмалар жўнатган”, деди.
Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто халқаро воситачиларнинг Украина атрофидаги зиддиятни ҳал этиш мақсадига қаратилган саъй-ҳаракатларини умидсиз, деб бўлмаслигини билдирди.
“Венгрия Украина масаласини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори, бундан кейин ҳам “дунё овози янада кучлироқ бўлиши керак” шиорини тўла қўллаб-қувватлайди”, деди мулозим.
Хитой ҳукумати Украина бўйича ўзгармас қарашга эга, муаммони тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори, деди ТИВ расмий вакили Мао Нин. Шунингдек, ХХР АҚШ томони билдирган “Хитойдан Россияга ҳарбий ёрдам тўғрисида”ги таҳдид ва айбловларни қабул қилмайди, деди у. Қўшма Штатларнинг Хитой-Россия муносабати юзасидан ҳеч қандай хуруж қилишга ҳуқуқи йўқ. Биз АҚШ томонидан таҳдид ва босимга умуман тоқат қилмаймиз”, дея қўшимча қилди Нин.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон ХХРнинг Россияга ҳарбий ёрдами тўғрисида айрим тасдиқловчи маълумотларни очиқлашга шайланмоқда, деган. Унинг сўзларига кўра, “Пекин, гўёки, Россияга ҳалокатли ёрдам бермоқда”.
“Қримнинг Украинага қайтариб берилиши тинчликни тиклашга кўмаклашади, деб ёзди Владимир Зеленский ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
“Тўққиз йил аввал Қрим босиб олинган эди, бу заминда бизникилар яшайди. Мамлакатимизнинг ҳар бир бурчагида Украина байроғи ҳилпирайди ҳали”, деди Президент.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги расмий вакили Юрий Игнат баёнотига кўра, мамлакат Қуролли Кучлари мустақилликка эришган даврдан бери бирор ҳарбий техника сотиб олмаган.
“Ҳаво кучлари таркибидаги энг сўнгги қирувчи “Су-27” самолёти 1991 йил олинган, бу давлатимиз мустақиллиги билан тенг давр”, деб таъкидлади у.
Аброр ХОН,
ЎзА