Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор
Дўстлик туманида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг фуқаролар учун сайёр қабули ва ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Қабул олдидан маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар томонидан ишлаб чиқарилган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилди.
Қабулда даволаниш ва дори-дармон, уй-жой таъмири, сафарбарлик чақирув резерви, олий ўқув юртида таҳсил олаётган талабаларнинг тўлов контракти ва бошқа мақсадлар учун бир гуруҳ фуқароларга моддий ёрдам пуллари ажратилди.
Мурожаатларни қонун доирасида белгиланган муддатларда ўрганиб, ижобий ҳал этиш бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари, туман ҳокими ва секторлари масъуллари зиммасига вазифалар юклатилди.
[gallery-9287]
Унда 10 нафар талабгорга 23 миллион сўмлик кредит асосида 3 ғилдиракли мотоцикл калитлари топширилган бўлса, жорий йил давомида 30 дан ортиқ талабгор кредит асосида 3 ғилдиракли мотоциклларга эга бўлди.
Шунингдек, қабулда 12 нафар аёлга ўзини ўзи банд қилиши учун 60 миллион сўмлик тикув машиналари тарқатилди.
– Уй бекасиман, тикувчиликдан хабардорман, – дейди Ғафур Ғулом номли маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Фароғат Ортиқова. – Лекин тикув машинам йўқлигидан бу машғулот билан шуғуллана олмасдим. Сайёр қабулда менга замонавий тикув машинаси берилди. Энди ўз-ўзимни банд қилиб, оиламиз бюджетига ҳисса қўша олишимдан хурсандман.
Банд бўлмаган 2 фуқарога 17 миллион сўмлик инкубатор аппарати ҳам топширилди. “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 10 нафар эҳтиёжманд аёлга 40 миллион сўмлик дори-дармон ва даволаниш учун моддий ёрдам ажратилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА