Ҳар бир мурожаат — эътиборда
Президентимиз ташаббуси билан давлат идоралари раҳбарларининг халқ билан очиқ мулоқоти, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиши ва рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия қўмондонининг навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди.
Онлайн видеоконференцалоқа орқали мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги фуқаролар ҳамда ҳарбий хизматчилар қабулда бевосита иштирок этиб, ўзларини қийнаб келаётган ижтимоий аҳамиятга молик масалалар юзасидан мурожаат қилиш имконига эга бўлди.

Энг муҳими, мурожаатчилар қабулда қатнашиш учун узоқ йўл босишига ҳожат қолмади. Бу эса вақт тежалиши, ортиқча оворагарчиликнинг олди олиниши ва аҳоли билан мулоқот самарадорлигининг янада ошишига хизмат қилди.

Қабул давомида ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Аксарият масалалар жойидаёқ ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар эса қатъий назоратга олинди.
Истеъфодаги полковник Ўктам Ҳайитовнинг таъкидлашича, бу каби замонавий форматдаги қабуллар аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда.
—Бугун давлат идоралари фуқаролар муаммосига ечим топишга интилмоқда, — дейди Ў.Хайитов. — Онлайн қабуллар орқали энг чекка ҳудуддаги инсон ҳам ўз мурожаатини тўғридан-тўғри раҳбариятга етказиш имконига эга бўлмоқда. Бу нафақат вақт ва маблағни тежайди, балки давлат органларининг очиқлиги, халқ билан мулоқоти ва масъулиятини янада кучайтиради. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини унутмаслик керак.
Бундай очиқ мулоқот ва замонавий ёндашувлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, инсон манфаатларини таъминлаш ҳамда халқ билан мулоқотнинг янги, самарали тизимини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА