Ҳар бир мурожаат – эътиборда
Бухоро вилояти Когон тумани «Тараққиёт» маҳалла фуқаролар йиғини Бунёдкор кўчаси 49-уйда ижарада яшаб келаётган фуқаро Сановар Мустафоеванинг вилоят ҳокимлиги веб-сайти орқали келиб тушган мурожаати масъуллар иштирокида ўрганилди.
Мурожаат юзасидан фуқаро Сановар Мустафоева хонадонига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Муҳтарамa Бўриева ва вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Феруза Ибрагимова бошчилигида вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази директори Зебинисо Холова, туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Лайло Раджабова, «Тараққиёт» МФЙ вакиллари ташриф буюрди. Мурожаатчининг яшаш шароити ўрганилди.

Ўрганиш давомида мурожаатчи С.Мустафоеванинг «Темир дафтар»га киритилганлиги, умумий касалликлар бўйича 1-гуруҳ ногирони эканлиги, мазкур хонадонда эса ўғли, келини ва икки нафар невараси билан 2016 йилдан буён ижарада яшаб келаётганлиги аниқланди. Шунингдек, айни вақтда уларнинг доимий яшаш манзили мавжуд эмаслиги, моддий ёрдам ва дори-дармон билан мунтазам таъминлаш, уй-жойга эҳтиёж сезаётганлиги аниқланиб, 1-гуруҳ ногиронига қаровчилар учун нафақа тўлови тўлаб берилиши зарурлиги, невараларини имтиёз асосида боғчага жойлаштирилиши ва субсидия асосида пишириқлар тайёрлаш билан шуғулланиши учун асбоб-ускуналар тақдим этилиши каби масалаларда амалий ёрдам кўрсатилишига муҳтож эканлиги аниқланди.

С.Мустафоеванинг саломатлиги инобатга олиниб жорий йилнинг 26 май куни унга Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ногиронлик аравачаси етказиб берилган. Шунингдек, ўғли Жавоҳир Умедов ҳам жигар хасталиги ва бел чурраси касаллига чалиниб назоратда тургани боис айни дамда ишсиз ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланаётганлиги учун қолаверса, ушбу оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга маҳалла фуқаролар йиғини томонидан моддий ёрдамлар кўрсатилган.
Шу куни маҳалла томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ошхона учун зарур бўлган электро техник жиҳозлар етказиб берилди.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ф.Ачилов билан суҳбат давомида С.Мустафаева тўғрисида у тўлиқ маълумотга эга эканлиги ва доимий тарзда бириктирилган тиббиёт ходимлари назоратида эканлиги, шунингдек, тегишли дори воситалари ҳам ўз вақтида узлуксиз етказиб берилаётганлиги маълум бўлди.
2-сектор раҳбари, туман прокурори Б.Ярашев ёрдамида С.Мустафоеванинг «Тараққиёт» МФЙ да жойлашган «Қувноқ болажон» боғчаси тарбияланувчиси бўлган 2 нафар невараси яъни 3 ёшдан катта невараси учун 95 минг сўм (имтиёзли) миқдорида, 3 ёшдан кичик невараси учун эса 250 минг сўм миқдорида боғча тўлови амалга оширилмоқда.
С.Мустафоева келини билан биргаликда уйда қўшимча даромад топиш мақсадида турли пишириқлар тайёрлаб сотиш имкони мавжудлиги ва бунинг натижасида оила даромадини ошириш истаги борлигини билдирди. Шу боис, келини Н.Рўзиевага вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази директори Зебинисо Холова томонидан махсус сертификат топширилиб, бандликни таъминлаш идоралари томонидан электр печ ва миксер каби пишириқчилик билан шуғулланиш имконини берувчи асбоб-ускуналар етказиб бериладиган бўлди.
Туман Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи И.Неъматов билан ўтказилган суҳбатда С.Мустафоевага 6 ой давомида тўлаб бориладиган моддий ёрдам бўйича тегишли тартибдаги ҳужжатлар топширилганлиги, базада мавжудлиги, бироқ даромадининг юқорилиги сабабли моддий ёрдам тайинланмаганлиги боис шу мазмунда фуқаро қўл телефонига хабарнома юборилганлиги аниқланди.
С.Мустафаеванинг келини қаровчи бўлганлиги сабабли иш стажига эга бўлаётганлиги, бироқ, мазкур йўналишда маош тайинланмаслиги маълум қилинди.
С.Мустафоеванинг уй-жой масаласи бўйича туман ҳокимига мурожаат қилинганлиги, бироқ уй-жой учун бошланғич ва кейинги тўловларни тўлаш имкони йўқлиги аниқланди. Бу борада, туман ҳокими Муҳиддин Эсанов бепул уй-жой билан таъминлашини билдирган бўлиб, туман “Халқпарвар” комиссияси томонидан С.Муста фоеванинг уй-жойга муҳтожлиги ўрганилган ва тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. Туман кенгашининг навбатдаги сессиясида фуқаро С.Мустафаевани уй-жой билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Шу ўринда вилоят ҳокими маслаҳатчиси Феруза Ибрагимова томонидан уй-жой масаласида Когон шаҳрида қуриб фойдаланишга топширилаётган ижтимоий ётоқхоналардан 2 та хонани С.Мустафоеванинг оиласи учун ажратиб берилишини сўраб мурожаат қилиш ҳамда мулкка эгалик ҳуқуқни бермасдан умрбод фойдаланиш учун 2 та хонани ажратиб бериш масаласида таклиф билдирилгани, бироқ, фуқаро С.Мустафоева умумий овқатланиш ва умумий ҳожатхонадан фойдаланиш ўзи ва оила аъзолари учун ноқулайлик туғдиришини инобатга олган ҳолда ушбу таклифни рад этгани маълум қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА