Ҳар бир мурожаат эътибор марказида
Фуқарони баъзан муаммонинг ўзи эмас, уни қандай ҳал этишни билмаслик кўпроқ қийнайди. Қайси идорага мурожаат қилиш керак? Қонун нима дейди? Ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг тўғри йўли қайси?
Гурлан туманида ўтказилган Хоразм вилояти судларининг сайёр қабулида ана шундай саволларга бевосита мулоқот орқали жавоб берилди.

– Вилоят суди раиси, судьялар фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини бирма-бир эшитдилар, – дейди Хоразм вилоят судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти Бунёдбек Хусинов. – Мулк ва меҳнат ҳуқуқи, оилавий муносабатлар, суд ҳужжатларининг ижроси ҳамда бошқа ҳуқуқий масалалар юзасидан билдирилган мурожаатлар мазмунан ўрганилди. Қонунчилик талаблари тушунтирилиб, ҳуқуқни ҳимоя қилиш учун қандай ҳаракат қилиш, қай тартибда мурожаат этиш ва зарур ҳолларда қандай процессуал қадамларни босиб ўтиши лозимлиги юзасидан ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатилди.

Қабулда ҳар бир масалага мурожаатчининг аниқ вазиятдан келиб чиқиб ёндашилди. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда туман судининг тергов судьяси томонидан шу ернинг ўзида сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилди. Унда бир гуруҳ фуқароларнинг аризалари кўриб чиқилиб, қонуний асослар мавжудлиги инобатга олинган ҳолда уларнинг талаблари қаноатлантирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири