Ҳар бир лойиҳанинг ижроси назоратда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Олий Мажлис Сенати Раиси дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган мажлисда иштирок этди.
Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизни ҳар томонлома ривожлантириш, халқимизнинг обод ва фаровон турмушини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳар ва туманларда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик, аҳолини, жумладан, ёшлар ва аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қарор билан барча шаҳар ва туманларни, соҳаларни жадал ривожлантиришга, энг асосийси аҳоли ҳаётининг яхшиланишига хизмат қиладиган келгуси уч йилга мўлжалланган дастурнинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи халқига бўлган катта эътибори ва ғамхўрлиги намунаси бўлди.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси биринчи ўринбосари Н.Ерлепесов қарор ижроси бўйича ўтган йилда амалга оширилган ишлар, бу йилга режалаштирилган вазифалар бўйича маълумот берди.
Таъкидланганидек, қарорга мувофиқ 2020-2023 йилларда 2 минг 788 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган бўлса, шундан ўтган йилда 705 та лойиҳа ишга туширилди. 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида 99 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.
Ҳар бир шаҳар ва туманни жадал ривожлантириш ва муаммоларни тезкор ҳал этиш учун уларга бириктирилган вазирлик ва банклар вакиллари маълумотлари тингланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича долзарб вазифаларга тўхталди. Жумладан, масъул вазирлик, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликларга истиқболсиз лойиҳалар ўрнига таклиф этилган янги лойиҳани ўрганиб чиқиш ва уларни ўз муддатида ишга тушириш бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқлаш, муддати узайтириладиган лойиҳаларнинг ҳамда 2021 йилнинг 1-чорагига режалаштирилган лойиҳаларнинг ўз вақтида ишга туширилишини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, барча лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кредитлар ва ер ажратилишида, ҳужжатларни расмийлаштиришда ва бошқа шу каби масалаларда амалий ёрдам бериш, Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар учун яратилган қулай шароитлар, тақдим этилаётган солиқ имтиёзлари ҳамда преференцияларни кенг жамоатчиликка етказиш орқали тадбиркорларни кўпроқ жалб этиш чораларини кўриш муҳим аҳамият касб этади.
Ҳар бир депутат ўз округида учрашувлар ташкил этиб, қарор доирасида амалга оширилаётган ишлар бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш чораларини кўриши зарурлиги қайд этилди.
Шу куннинг ўзида Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева хотин-қизлар масалалари бўйича фаоллар билан учрашди ва амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилди.
Қорақалпоғистон Республикасида 2020 йилда 53 минг 887 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. “Устоз-шогирд” тизими асосида хотин-қизларнинг 977 нафари ҳунармандчиликка жалб этилди. Шунингдек, оғир турмуш шароитида яшаётган ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ 436 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар ва қизларнинг бандлиги таъминланди. Уй-жойга муҳтож оғир шароитда яшаётган 100 нафар хотин-қизга Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси томонидан 1 миллиард 565 миллион сўмлик бошланғич бадали тўлаб берилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ташаббуси билан Нукус шаҳри, Қораўзак ва Мўйноқ туманларидан уй-жойга муҳтож 15 нафар фуқарога 472 миллион сўмлик бошланғич бадали тўлаб берилган бўлса, 33 нафар хотин-қиз сектор раҳбарлари ва ҳомийлар томонидан уй-жой билан таъминланди.
[gallery-873]
Шу билан бирга ўтган йили хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар, улар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, оилавий ажримлар қайд этилди. Хотин-қизларнинг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириш,
уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар яратиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан вазифалар белгиланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА