Ҳақиқат ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги "Қатағон қурбонлари меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши тарихий ҳақиқатни тиклашга доир ишларга янгича мазмун бағишлагани билан аҳамиятлидир. ЎзА мухбири соҳага масъул мутасаддиларнинг фикри билан қизиқди.
Бахтиёр ҲАСАНОВ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори:
– Бугунги глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган бир мураккаб даврда ёшларнинг тарихий ҳақиқатни тўғри англаши ғоят муҳимдир. Рости, кимларнингдир "Мустақилликка ўз-ўзидан эришилган" қабилидаги мутлақо нотўғри фикрлари ёшларнинг бугунги озод ва обод, тинч ва осойишта кунларга гўёки осмондан тушган неъматдек муносабатда бўлишига замин яратаётгани ҳам бор гап.
Юқорида номи келтирилган фармойиш асосида соҳага тааллуқли бўлган 32 та вазирлик ва идоранинг мутасаддиларидан таркиб топган ишчи гуруҳи тузилиб, тегишли"Йўл харитаси" ишлаб чиқилди.
Айни пайтда жойларда, маҳаллаларда олиб борилаётган ишларга кўмаклашиш мақсадида тарихчи олимлар, музей мутахассисларидан иборат илмий ишчи гуруҳлар ҳам ташкил этилди.
Тегишли вазирлик ва идораларнинг архивларида фаолият олиб боришда бу гуруҳларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Музейимизга одамлардан келаётган хатлар, мурожаатлар оқими янада кўпайди. Зеро, бошига қатағон йилларининг машъум кўргуликлари тушган хонадонлар, оилалар кам эмаслиги аён бўлмоқда.
Шундай хат ва мурожаатлар асосида ҳам тегишли тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, илмий изланиш, ўрганиш жараёни тўлиқ тарзда ишга тушди. Бу борадаги барча саъй-ҳаракатлар натижасида фармойишда кўзда тутилганидек, шаҳид бўлган юртдошларимиз хотирасини келгуси авлодларга безавол етказиш мақсадида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китоби нашрга тайёрланиши ва чоп этилиши кўзланган.
Ўғилой ЭРБЎТАЕВА, Гулистон давлат университети қошидаги Қатағон қурбонлари музейи директори, тарих фанлари номзоди:
– Фармойиш қабул қилингач, жойлардаги ҳокимликлар, маҳаллалар билан ҳамкорлик кучайди. Қатағон қурбонларини маҳаллалар орқали сўраб-суриштириш ишлари давом этмоқда.
Масалан, қариялар билан суҳбатлар асосида аниқладикки, вилоятнинг Боёвут туманида шўролар даврида репрессияга учраганлар учун махсус меҳнат лагери бўлган экан. Бу каби меҳнат лагери собиқ "Малик" совхози ҳудудида ҳам аниқланди.
Шу билан бирга ўттизинчи йилларда Украинанинг Каховка деган қишлоғига сургун этилган деҳқонлар аниқланди. Улар ўша ерларда ҳам экин-тикин билан шуғулланган экан.
Президентимизнинг "Қатағон қурбонлари меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши катта масъулият билан иш олиб боришга ундайди.
Ансатбой АЛИМБЕТОВ, Қорақалпоқ давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари музейининг фонд сақлаш бўлими мудири:
–- Музейимиз 2018 йил 28 февралда очилган. Ўшанда 740 та экспонат билан иш бошлаганди. Ҳозир улар сони икки мингдан ошиб кетди.Фармойиш қабул қилингач, архив соҳаси, маҳалла, университетнинг тарихчи олимлари, масъул мутахассислардан иборат 17 кишилик ишчи гуруҳи тузилди.
Уларнинг самарали ишлаши учун зарур шароит яратилди. Ҳозир ҳар бир туманда маҳалла раислари билан бирга қатағон қурбонлари номини аниқлаш бўйича иш олиб бориляпти.
Ҳозиргача бир неча ўнлаб шундай юртдошларимизнинг тақдири, фаолияти, ҳаётига доир қимматли маълумотларга эга бўлдик. Фармойиш мазмунини кенг тарғиб этиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан узвий иш олиб бориляпти.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ, Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори:
– Ўша машъум даврдаги террорнинг кульминацион нуқтаси ўтган асрнинг 37-38 йилларига тўғри келади. Андижон давлат университетида шу мавзуга оид бешта китоб чиқарилди.
Фармойишда белгиланган вазифаларни ҳаётга изчил жорий этиш учун Ўзбекистондаги илмий салоҳиятни кўтариш, кучларни бирлаштириш керак. Шахсларсиз тарих бўлмайди. Тараққийпарвар боболаримизнинг фаолиятини тарғиб этиш муҳимдир.
Н.Усмонова, ЎзА