“Ханчжоу-2022”: Навбатдаги медаллар шодаси
Ханчжоу шаҳрида ўтаётган IV Параосиё ўйинларининг пара енгил атлетика бўйича баҳслари ҳам улкан ғалабаларга бой ўтмоқда.
Аёллар ўртасида узунликка сакраш T11/12 таснифида Асила Мирзаёрова олтин медални қўлга киритган бўлса, Ёқутхон Холбекова ушбу йўналишда бронза медали билан тақдирланди.
Шунингдек, диск улоқтиришда (F56/57) Моҳигул Ҳамдамова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Эркаклар ўртасида F35 классида ядро улоқтириш баҳсларида ҳамюртимиз Ҳусниддин Норбеков бронза медалига эга чиқди.

Пара таэквондо бўйича аёллар ўртасида 65 килограммдан оғир вазн тоифасида ҳамюртимиз Гулжаной Наимова барча рақибларини мағлуб этган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди.

Эркаклар ўртасида 80 килограммгача вазн тоифасида ҳамюртимиз Асад Тоштемиров, +80 килограммда Асадбек Анваров делегациямиз ҳисобига навбатдаги бронза медалларини қўшиб қўйди. Пара дзюдо баҳсларининг 90 килограммдан ортиқ вазн тоифасида Аловуддин Жўрақулов кумуш медаль соҳибига айланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 16 олтин, 17 кумуш ва 20 та бронзага етди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА