Ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди
Бугун олий таълим муассасаси тараққиётини халқаро ҳамкорликсиз тасаввур этиш қийин. Зеро, хорижий университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари билан йўлга қўйилган алоқалар янги билим ва тажрибаларни ўзлаштириш, замонавий таълим технологияларини жорий этиш, талабалар учун халқаро амалиёт майдонларини кенгайтириш имконини беради. Гулистон давлат университетида Хитой Халқ Республикаси вакиллари билан бўлиб ўтган навбатдаги мулоқот ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилди.
Куни кеча Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиев бошчилигида Хитойнинг қатор компания ва ташкилотлари вакиллари билан учрашув ўтказилди. Унда таълим, илм-фан, инновация ва инвестиция йўналишларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд алоқаларни аниқ ва амалий лойиҳалар билан бойитиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда Goldy Mount компанияси раиси жаноб Ниэ, China Investment Association вице-президенти, Beijing Hongmengze Culture Co., Ltd. раиси жаноб Жанг Йонг, мазкур компания бош менежери хоним Жанг Жингвен, бош менежер ўринбосари жаноб Ли Хаое ҳамда Tang Education Group вакиллари иштирок этишди.

Меҳмонлар дастлаб Гулистон давлат университетининг таълим ва илмий салоҳияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, университетнинг EPIP маркази ҳамда Агробиотехнология ва биокимё илмий-тадқиқот институтига ташриф буюришиб, замонавий лабораториялар, олиб борилаётган илмий изланишлар, инновацион ишланмалар ва талабаларнинг амалий таълим олиши учун яратилган имкониятлар билан танишдилар.
Ташриф давомида университетнинг замонавий моддий-техник базаси, илмий салоҳияти ва амалий таълимга йўналтирилган ёндашуви хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим замин бўлиши таъкидланди.
Мулоқотда алоҳида эътибор дуал таълим тизими асосида ҳамкорликни ривожлантириш масаласига қаратилди. Бунда талабаларнинг университетда олган назарий билимларини Хитойдаги замонавий корхона ва ташкилотлардаги амалий тажриба билан уйғунлаштириш, ишлаб чиқариш амалиёти ва стажировкаларни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Бу, аввало, ёшларнинг касбий маҳоратини ошириш, уларни илғор технология ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари билан таништириш, меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Мулоқотнинг яна бир муҳим жиҳати — Tang Education Group ҳамкорлигида Хитой Халқ Республикасида Гулистон давлат университети филиалини ташкил этиш ташаббуси бўлди. Ушбу ташаббус таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши мумкин бўлган истиқболли йўналиш сифатида баҳоланди.
Филиал фаолияти доирасида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларнинг академик ва илмий стажировкаларини ташкил этиш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, томонлар илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, замонавий таълим технологияларини ўқув жараёнига татбиқ этиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, халқаро грант ва лойиҳаларда иштирок этиш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
— Гулистон давлат университети учун Хитой билан ҳамкорлик фақат таълим ва илм-фан доираси билан чекланиб қолмайди. Илғор хорижий тажрибани ўқув жараёнига татбиқ этиш, талабалар учун халқаро амалиёт ва стажировка имкониятларини кенгайтириш, қўшма илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз. Бугунги мулоқотни аниқ амалий ташаббуслар билан давом эттириш ниятимиз бор, — деди Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиев.

Дарҳақиқат, замонавий олий таълимда халқаро ҳамкорликнинг қиймати, аввало, унинг амалий самараси билан белгиланади. Талаба учун бу — янги билим, хорижий тажриба ва касбий кўникма; профессор-ўқитувчи учун — илмий мулоқот ва қўшма тадқиқотлар; университет учун эса — янги таълим дастурлари, инвестициявий лойиҳалар ва халқаро академик майдонга янада чуқурроқ интеграция демакдир.
Учрашув якунида билдирилган ташаббусларнинг амалий жиҳатларини чуқур ўрганиш, истиқболли йўналишлар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни босқичма-босқич кенгайтиришга келишиб олинди.

Гулистон давлат университети ва Хитой ташкилотлари ўртасидаги бу мулоқот янги ҳамкорлик лойиҳалари учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда. Энг муҳими, бундай алоқалар университет талабалари ва ёш тадқиқотчилари учун дунёнинг илғор тажрибаси билан танишиш, янги имкониятларни кашф этиш ва ўз салоҳиятларини халқаро майдонда намоён этиш учун кенг йўл очади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири