Ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Россия Федерациясининг “Россельхознадзор” федераль хизмати раҳбари ёрдамчиси А.Даушев билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда раис ўринбосари А.Акбаров бошчилигидаги қўмита вакиллари иштирок этиб, келгусида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши зарур бўлган масалаларни муҳокама қилишди.
Хусусан, жорий йилнинг 1 июлига қадар ветеринария соҳасида келгусидаги ҳамкорлик бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.
Бунда Ўзбекистон ветеринария мутахассисларининг чегара ветеринария назорати пунктлари, ветеринария лабораториялари фаолияти билан танишиш мақсадида Россия Федерациясига ташрифи, Россия давлат ветеринария хизмати мутахассисларининг Ўзбекистонга ташрифи, ахборот тизимларида ишлаш бўйича семинарлар ташкил этиш, турли юқумли касалликлар профилактикаси ва халқаро ҳамкорликда ўзаро муносабатлар каби долзарб вазифалар назарда тутилади.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, сўнгги йилларда Россия давлат ветеринария хизмати билан ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилган бўлиб, бир қатор натижаларга эришилмоқда.
Жумладан, сўнгги 3 йил мобайнида 6 маротаба ўзаро ташриф, 2 маротаба ветеринария аудит ўрганиши ташкил этилган бўлса, 10 маротабадан ортиқ видеоалоқа орқали турли мавзуларда муҳокама ва музокаралар ўтказилди.

Ахборот тизимларида ишлаш кўникмаларини ошириш бўйича қўшма ўқув- семинарлар ташкил этилиб, унда 100 дан ортиқ мутахассис иштироки таъминланди.
Шунингдек, олиб борилган ҳамкорликдаги ишлар натижасида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган чорвачилик маҳсулотлари, хусусан, термик ишловдан ўтган тайёр гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда хом ашёлари учун 2003 йилда жорий этилган чеклов бекор қилиниб, экспорт учун йўл очилди.
Келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мувофиқлаштириб бориш ҳамда иш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган масалаларга тезкор ечим топиш мақсадида доимий фаолият олиб борувчи ишчи гуруҳини ташкил этишга келишиб олинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА