Ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Бугунги кунда дунёда иқтисодий тараққиётни атроф-муҳит муҳофазаси билан уйғунлаштириш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган “яшил иқтисодиёт” тамойиллари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада Бухоро вилоятининг Ромитан туманида бошланган янги лойиҳалар келажак тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.
Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида Ромитан туманида амалга оширилаётган “яшил ривожланиш” дастури янги ва фаол босқичга қадам қўйди. Шу муносабат билан Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти масъулларидан иборат делегация туманга ташриф буюриб, маҳаллий раҳбарлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан атрофлича музокаралар ўтказди.
Учрашувларда Ромитан туманининг иқтисодий салоҳияти, мавжуд инфратузилма имкониятлари, сармояларни жалб этиш учун устувор йўналишлар ҳамда ҳудудни комплекс ривожлантириш масалалари чуқур таҳлил қилинди. Айниқса, туманни “яшил тамойиллар” асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Германиялик мутахассислар маҳаллий мутасаддилар билан истиқболли инвестиция лойиҳалари юзасидан конструктив мулоқот олиб бориб, ишлаб чиқилган мастер-режаларни ҳаётга самарали татбиқ этиш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди. Бу режалар Ромитанни келгусида замонавий туризм, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари жадал ривожланган ҳудудлардан бирига айлантиришни назарда тутади.
Пилот лойиҳалар доирасида экологик тоза туризм инфратузилмасини ривожлантириш, кичик ва ўрта саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, янги бизнес муҳитини шакллантириш, шунингдек, қувват тежамкор ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Мутахассислар томонидан аниқланган инвестиция лойиҳаларининг яқин ойларда амалга оширилиши Ромитан тумани учун янги иқтисодий имкониятлар эшигини очади. Энг муҳими, юзлаб янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли бандлиги сезиларли даражада ошиши, камбағалликни қисқартириш, маҳаллий иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилади. Шу билан бирга, ёшлар ва хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Музокаралар якунида томонлар лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш, молиявий ва техник ҳамкорликни янада кучайтириш, белгиланган вазифаларнинг самарадорлигини таъминлаш юзасидан ўзаро келишувга эришди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири