Ҳамкорлик таълим сифатини ошириб, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамламоқда
Янги Ўзбекистонда олий таълим, фан ва инновациялар соҳасини тубдан ислоҳ қилиш сўнгги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу жараёнда таълим тизимини модернизация қилиш, уни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Халқаро ҳамкорлик йўналишида хорижий давлатлар, шу жумладан, Туркия Республикаси билан ўзаро алоқалар кенгайиб бормоқда.
Чет давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланиб, тажрибалари оммалаштирилаётгани мамлакатимиз олий таълим муассасалари қамровини кенгайтириб, сифат кўрсаткичларини янги босқичга олиб чиқаётир. Масалан, 2017 йилда Ўзбекистонда олий таълим билан қамров даражаси атиги 9 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йил бу кўрсаткич 38 фоизга етди. Олий таълим муассасалари сони 77 тадан 210 тага ошиб, таълим сифати ўсди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Туркия Республикасига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Туркия Республикаси Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар билан учрашиб, таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга эътибор қаратди.

Кейинги йилларда Туркия билан олий таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, қўшма таълим дастурлари, академик алмашинув ва илмий тадқиқотлар орқали амалий натижаларга эришилмоқда. Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бунга айни пайтда Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ўртасида 120 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаси амал қилаётгани яққол далил бўлади. Хусусан, қардош давлат билан қўшма таълим дастурлари сони 2020 йилда 12 тани ташкил этган бўлса, ўтган йил бу рақам 45 тадан ошди. Ушбу дастурлар доирасида ҳар йили ўртача 5 минг ўзбекистонлик талаба Туркия университетларида таҳсил олиш ёки академик алмашинув дастурларида иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда.
Академик ҳаракатчанлик соҳасида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. 2019-2024 йилларда 1 минг 200 дан ортиқ профессор-ўқитувчи ва илмий тадқиқотчи икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашди. Бу кўрсаткичлар таълим сифатини оширишда халқаро тажрибанинг аҳамияти юқори эканини намоён этади.
Илмий-тадқиқот соҳасида қўшма илмий лойиҳалар сони 80 тадан ошиб, уларнинг умумий молиялаштириш ҳажми 150 миллион доллардан ошди. Бу лойиҳалар муҳандислик, ахборот технологиялари, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида инновацион ишланмаларни жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг Туркия Республикаси Олий таълим кенгаши раиси билан учрашувида Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилгани қувончли воқеа бўлди. Лойиҳа доирасида 2026-2028 йилларда 10 мингга яқин талабани қамраб олиш, 500 дан ортиқ хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб этиш режалаштирилган. Бу ташаббус минтақада рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим ўринга эга бўлади. Шунингдек, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Юнус Эмре институти маданият маркази филиалини ташкил этиш лойиҳаси икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Марказ ҳар йили 8-10 минг ёшнинг турк тили ва маданиятини ўрганишга қулай муҳит яратади. Ўзбекистон – Туркия ўртасидаги ҳамкорлик бу жараённинг муҳим таркибий қисми сифатида ўз ифодасини топиб, икки давлат олий таълим тизимларининг илмий-таълимий интеграциясини мустаҳкамлайди. Қўшма таълим дастурлари, халқаро университетлар, илмий тадқиқот лойиҳалари ҳамда маданий-гуманитар ташаббуслар орқали замонавий, рақобатбардош ва инновацион олий таълим тизимини шакллантиришга мустаҳкам замин яратиб, мамлакатимизда юқори малакали, кенг дунёқарашга эга ва халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган мутахассислар тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Институтимиз халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, таълим ва илм-фан соҳаларига илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида Туркия Республикасининг 20 га яқин нуфузли олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Хусусан, Токат Газиосмонпаша, Эге, Бартин, Испарта, Кайсери, Анадолу, Истанбул техника, Ҳажеттепе, Анқара Йилдирим Боязид, Трабзон, Фират, Ибн Холдун, Истанбул университети – Жерраҳпаша, Караманўғли Меҳметбей, Кожаели, Сакарья амалий фанлар, Дюзже ҳамда Сиирт университетлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.
Мазкур алоқалар доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик мобиллигини таъминлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш, малака ошириш дастурларини ташкил этиш ҳамда қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунга қадар олий таълим муассасамизнинг 30 дан ортиқ профессор-ўқитувчиси Фират университетида малака ошириш курсларида иштирок этиб, замонавий педагогик ёндашувлар ва илмий тажрибалар билан танишиб қайтди. Тўрт нафар талаба академик мобиллик дастури асосида Фират университетида таҳсил олиб, ўз билим ва малакаларини халқаро таълим муҳити орқали бойитди. Анадолу университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур университет билан тузилган келишувлар асосида Денов Тадбиркорлик ва педагогика университетининг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларидан 30 дан ортиғи онлайн шаклда турк тилини ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда. Дастур якунида турк тили бўйича халқаро сертификат олган иштирокчилар Туркиянинг нуфузли олий таълим муассасаларида дарс бериш ва академик фаолият юритиш имкониятига эга бўлиши кўзда тутилган.
Хуллас, Туркия олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик институтимизда таълим сифатини ошириб, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга олий таълим муассасамизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани таҳсинга сазовор бўлмоқда.
Ойбек Рўзиев,
Денов тадбиркорлик ва
педагогика институти ректори.
ЎзА