Ҳамкорлик кенгаяди
Бугун Фарғона вилояти тадбиркорлари, ишлаб чиқарувчилари учун ўз фаолиятини кенгайтириш, янги ҳамкор ва янги бозор топиши учун кенг имкониятлар куни.
Фарғонада Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари Кенгашининг йиғилиши доирасидаги тадбирлар қизғин давом этмоқда.
"Фарғона экспо" маркази бугун икки мамлакат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари вакилларини бир майдонда жамлаган мулоқот ва ҳамкорлик масканига айланган.
Тадбир иштирокчилари бу ерда ташкил этилган кўргазма билан танишиб, Фарғона вилоятининг инвестиция ва саноат салоҳияти, ҳудудда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот олмоқда.
Кўргазма залларида вилоятда фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналари маҳсулотлари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш соҳасидаги имкониятлар, шунингдек, янги инвестиция лойиҳалари ўрин олган. Бу эса россиялик ҳамкорларга Фарғонанинг иқтисодий имкониятлари билан бевосита танишиш имконини бермоқда.
Россия расмий идоралари раҳбар ва вакиллари, ишлаб чиқарувчилари юзма-юз мулоқотлар столига ўтирдилар. Мақсад хамкорликни кенгайтириш, янги бозорлар очишдир.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА