Ҳамкорлик келишувларига эришилмоқда
Шу кунларда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев бошчилигидаги делегация Хитойда бўлиб турибди. Хизмат сафари учрашув, самимий ва дўстона руҳда ўтган музокараларга бой бўлмоқда.
Дастлаб Хитойдаги Ўзбекистон элчихонасида Баодин шаҳри Цзинсю тумани партия котиби Цзя Жуйшэн, Лангфанг тумани саноат федерацияси вице-президенти Чэн Гуйдже ва 15 га яқин маҳаллий тадбиркор билан учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида томонлар иқтисодий-гуманитар, инвестициявий, туризм ҳамда камбағалликдан чиқариш соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди.

Учрашувларда, шунингдек, “Xian neuron technology” компанияси билан қиймати 10 миллион долларлик икки, уч ғилдиракли электр мопед ва скутерлар ишлаб чиқариш лойиҳаси, “Beijing Linfu Technology” компанияси билан 10 миллион долларлик биотехнологик геном лабораториясини ташкил этиш лойиҳаси ва “Jin Bi Sheng” компанияси билан 2 миллион долларлик паррандачилик мажмуасини қуриш лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

“Shaanxi Jiazhongshenghe Agricultural Technology” компанияси билан фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштириш ва ўғит ишлаб чиқариш, “Taitong Transport” компанияси билан логистика маркази барпо қилиш, “Celco Innovation Technology” компанияси билан аккумулятор ва инверторлар ишлаб чиқариш бўйича келишувларга эришилди.

Шу ернинг ўзида Хитойда таҳсил олаётган талабалар билан ҳам учрашув ташкил қилинди. Унда ёшларнинг муаммолари, ўқиш ва яшаш шароитлари, келгуси режалари борасида фикр алмашилди. Уларнинг таклиф ва ташаббусларини ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш учун масъуллар бириктирилди.

Вилоят вакиллари Пекин иқтисодий-технологик ривожланиш ҳудудида жойлашган клиник тиббий тадқиқотлар ва тиббий асбоблар учун реагентлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Thorgene Medical Technology” ҳамда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва ўзининг электрон сотув платформасига эга “Xinfangsheng Holding Group” компаниялари фаолияти билан ҳам танишдилар.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири