Ҳамкорлик, бирдамлик ва умуминсоний қадриятлар тараннуми (+видео)
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда барча йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда. Сиёсий мулоқот, иқтисодий алоқалар, инвестициявий лойиҳалар, шунингдек таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Куни кеча пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Европа Иттифоқи фестивалининг ўтказилиши ҳам ана шу серқирра ҳамкорликнинг ёрқин амалий ифодаси бўлиб, Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантиришга замин яратди.
Маҳаллий ва хорижий меҳмонлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган фестиваль очилишида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар Европа кунининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, уни ҳамкорлик, бирдамлик ва умуминсоний қадриятларни ифодаловчи муҳим сана сифатида таърифлади.
Тадбир доирасида Европа Иттифоқининг мамлакатимизда амалга ошираётган лойиҳалари тақдим этилди. Улар гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, “Erasmus+” таълим дастурлари ҳамда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш каби йўналишларни қамраб олди.
Фестиваль доирасида викториналар ва маҳорат дарслари ўтказилиб, иштирокчиларга Европа Иттифоқи фаолияти ҳамда ҳамкорлик имкониятлари билан яқиндан танишиш имкони яратилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BQOzQ9CaicY" title="Hamkorlik, birdamlik va umuminsoniy qadriyatlar tarannumi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Ёқубжон Мелибоев,
Анвархўжа Аҳмедов (видео,монтаж), ЎзА