Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилувчи тоғ-кон саноати ва геология-қидирув соҳасида ҳам янгидан янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Навоийуран” давлат корхонаси ва Хитойнинг Миллий ядро корпорацияси билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳам мамлакатимизда уран саноати ривожида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Хитой Миллий ядро корпорацияси 22 та амалда ишлаётган ва 6 та янгидан қурилаётган энергоблокка эга бўлиб, Хитойдаги ягона уран ишлаб чиқарувчи йирик корпорация ҳисобланади.

2023 йилнинг ноябр ойида “Навоийуран” давлат корхонаси раҳбарияти Хитой давлатида бўлиб, мазкур корпорация вакиллари билан учрашган эди.
Корпорация вице-президенти Шен Янфен бошчилигидаги делегация вакиллари “Навоийуран” давлат корхонасида бўлиб, бир қатор масалаларни муҳокама қилди.

Меҳмонлар дастлаб "Зафаробод" кон бошқармасига қарашли 2-геотехнологик кони ишлаб чиқариш фаолияти билан танишди.
Куннинг иккинчи ярмида делегация вакиллари Навоий шаҳрида жойлашган Уран ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлди.

Келгусида Хитой корпорацияси ва “Навоийуран” ўртасида гидротермал ва қора сланецли конларни биргаликда ўзлаштириш ва ҳамкорликда уран ишлаб чиқариш ишлари йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири