“Al Jazeera” хабарига кўра, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати АҚШ ва Исроил билан кескинлашган вазиятда Эрон ҳимояланиш ҳуқуқига эгалигини тан олган. Шу билан бирга, гуруҳ Теҳронни қўшни давлатларга зарба бермасликка чақирган ва Яқин Шарқда можаро янада кенгайиб кетмаслиги кераклигини таъкидлаган.
Баёнотда айтилишича, Эрон халқаро ҳуқуқ меъёрига мувофиқ тажовузга мавжуд барча воситалар билан жавоб бериш ҳуқуқига эга. Умуман, ҲАМАС Ислом Республикасини қўшни мамлакатларни нишонга олмасликка ундаб, минтақа давлатлари кескинликни юмшатиш ва ўзаро алоқаларни сақлаб қолиш учун ҳамкорлик қилиши зарурлигини билдирган.
АҚШ ва Исроил томонидан зарбалар берилиши ортидан Теҳрон Форс кўрфази ҳудудидаги айрим давлатларга ракета ва дрон билан жавоб ҳужуми уюштирган. Шунингдек, дунё бўйича ташиладиган нефтнинг катта қисми ўтадиган Ҳурмуз бўғози ҳам ёпилган. Эрон расмийлари бу зарбалар АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларига қаратилганини маълум қилган. Айрим ҳолатларда эса фуқаролик инфратузилмаси ҳам зарар кўраётгани ҳақида хабарлар пайдо бўляпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА