Ҳам оила, ҳам давлат ишини эплаш – инсоннинг ўзига боғлиқ
Мен давлат хизматчисиман
Давлат хизматчиси давлат ташкилотларида турли лавозим ва вазифаларда хизмат кўрсатаётган, юрт бугуни ва эртаси учун зиммасидаги вазифаларини бажараётган масъул. Унинг масъулиятлилиги, ўз ишига сидқидилдан ёндашиши, давлат органининг вазифа ва ваколатларига муносиб тарзда ҳаракат қилиши — ўша давлат органининг, жамиятнинг, халқнинг, мамлакатнинг равнақига каттами, кичикми ҳисса бўлиб қўшилади.
Бугун орамизда минглаб ана шундай фидойи давлат хизматчилари ўз фаолиятини сидқидилдан амалга ошириб келаётир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Халқаро ҳамкорлик сектори бошлиғи Дилором Қўзиева кўп йиллардан буён турли ташкилот ва идораларда фаолият кўрсатиб келаётган давлат хизматчиларидан биридир. Дилором опа билан суҳбатимиз давлат хизматчиси бўлишнинг машаққатию афзалликлари, талаблари ҳамда ўзи учун ҳосил қилган хулосалари хусусида кечди.
– Дилором опа, айни пайтда кунлик фаолиятингизда қиладиган ишларингиз, вазифаларингиз нималардан иборат?
– Бугунги коронавирус пандемияси соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, жамоат саломатлиги ва аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига доир давлат сиёсатини самарали амалга оширишни тақозо этади. Менинг вазифам мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш сектори раҳбари сифатида халқаро ташкилотлар вакиллари билан музокаралар олиб бориш, хорижий грантлар ва гуманитар ёрдамни жалб этиш, тизимдаги мутахассисларнинг хорижий давлатларга хизмат сафарларини ташкил этиш, мамлакатда халқаро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижросини таъминлаш, ташкилотда расмий учрашувлар, анжуманлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишдан иборат.
– Давлат хизматчиси бўлишнинг, давлат ишида ишлашнинг ўзига яраша масъулияти, машаққатлари бор, тўғрими?
– Энг аввало, бу ҳар томонлама тартибли ва интизомли бўлишдир. Бу иш вақтига нисбатан ҳам, бажараётган ишингизга, тайёрлаётган ҳужжатингизга ҳам, ташкил этаётган тадбирларингизга ҳам тааллуқли. Шу билан бирга, меҳнатсеварлик, ташаббускорлик, буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида ва сифатли ижро қилиш, хушмуомалалик ва албатта, бошқаларни тинглай олиш талаб этилади. Бундан ташқари, ўз устида ишлаш ва билмаганини ўрганиш давлат хизматчисининг обрўсини оширади.
Давлат ишида ишлашнинг машаққатлари ҳам юқ эмас албатта. Айниқса, энг катта машаққатлардан бири – бир ишни сифатли ижро этиш ёки меъёрий ҳужжат устида ишлаш учун вақтнинг етмаслиги. Ишхонага белгиланган вақтда етиб келиш, ҳужжатлар устида ишлаб, иш вақти тугаганда бажарилмаган ишларни ташлаб кетолмаслик ва оқибатда кечгача қолиб кетиш... Менга қийин бўлгани шулар бўлди.
Айниқса, ҳозирги изчил ислоҳотлар йўналишимиз бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишни ёки ташкилий ишларни амалга оширишни тақозо этади. Баъзида эса вақт етмайди, кеч соат 11-12да ишдан қайтишга тўғри келади. Шунга қарамай, эрталаб соат 9:00 да яна ишда, тўла куч ва албатта яхши кайфиятда бўлишинг керак. Аёл киши, оила бекаси сифатида бу тезликда ишлаш ва яшаш жуда қийин. Чунки рўзғор ишлари ҳам қараб турмайди, уларни ҳам ҳамоҳанг равишда олиб боришимиз шарт.
– Давлат хизматчиси бўлишнинг афзал томонларичи? Қандай енгил ва манфаатли томонлари бор, сизнингча?
– Менимча, давлат ташкилотида ишлаш давомида дунёқарашинг кенгайиб бораверади, давлат ривожланган сари ривожланаверасан, бу билан ўз ўрнинга эга бўласан, одам танийсан, сени одамлар танийди (масалан, менга қаерга борсам сизни телевизорда кўрганмиз, деб бошқача муомала қилишади). Ҳар қандай вазиятда муомала қилишни ўрганасан. Яна бири, бирор жойга иш билан борганда, ишинг тезроқ битар балки...
– Давлат хизматчиси – одоб ва ахлоқ намунаси бўлиши лозим. Айтингчи, давлат хизматчисида қандай ахлоқий сифатлар устувор бўлиши керак?
– Давлат хизматчилари хушмуомала, одамлар орасида ўзини тута билиши, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларни асоссиз хафа қилмаслиги керак, деб ўйлайман. Ахлоқий сифатлари билан бошқаларга намуна бўлиш керак. Кийиниш маданиятининг ҳам ўз ўрни бор.
– Касбий фаолиятингиз давомида давлат хизматчиси бўлишдан чарчаган, зериккан вақтларингиз бўлганми?
– Очиғи, бўлган. Топшириқлар кўпайиб, болаларни, айниқса, невараларни соғиниб, кўра олмаган ёки мен ишдан қайтгунча улар уйларига кетиб қолганларида (уч нафар фарзандим бор, 2 нафар қизимни турмушга берганман, ўғлим талаба, 3 нафар неварам бор). Ёки бўлмаса, дам олиш кунлари ишхонада зарур иш чиқиб қолганда бормасликнинг ҳеч иложи йўқ. Сиз давлат хизматчисисиз — зиммангиздаги вазифани албатта бажаришингиз керак.
Баъзан ишдан чарчаб келган вақтингда турмуш ўртоғингнинг қовоғига қараб, айбдор кишидай ҳис қиласан ўзингни. Ўзини оқлашга ҳаракат қилган кишидай уйда унданда кўпроқ юмушлар билан куймаланишга ҳаракат қиласан. Натижада нафақат жисмонан, балки қалбан ва руҳан ҳам чарчайди одам. Тасаввур қилинг, чарчагансиз, яна айбсиз айбдорсиз.
Иш билан овора бўлиб кўпинча яқинларинг даврасида ҳам бемалол бўлолмайсан. Баъзи вақтларда фарзандларим ёки ака-укаларим ҳам мендан хафа бўлади. Чунки кўргиси, суҳбатлашиб ўтиргиси келади, соғинади. (Аммо яқинларим ҳаммаси ўз ўрнига ва касбига эга бўлсада, давлат ишида бўлганим учун мен билан бошқача фахрланишади.) Шундай пайтларда қандайдир афсуслик ҳисси пайдо бўлиб, уйда ўтириб фақат фарзандлар тарбияси билан банд бўлган ёки иш вақтига риоя этиши шарт бўлмаган, ўзининг вақтига ўзи хўжайин бўлган аёлларга ҳавасим келади...
Баъзида эса уйда қолиб, фақат уй ишлари билан шуғулланиб, таомлар тайёрлаб (энг севимли ва завқланиб қиладиган ишим), бундан ҳам ором олгим келади. Аммо бундай орзуларни, севимли машғулот ва юмушларни ҳам нарига суриб, давлат ишига отланишга тўғри келиб қолади.
– Давлат ташкилотларидаги фаолиятингиз ва ҳаётингиз давомида қандай ҳаётий тажриба ва хулосаларни ўзингизга кашф этдингиз?
– Кўп йиллар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида фаолият юритганим учун уларни ҳар томонлама тушуниш ва муаммоларини ҳал этиш, шу билан бирга, одамлар билан мулоқот қилиш, ҳаёт қийинчиликларини теран англаш ва уларни енгиш борасида ҳаётий тажрибага эга бўлдим, деб ўйлайман.
Ўзимнинг ҳаётимдан келиб чиқадиган бўлсам, ёшлигимдан қаттиққўл отани, ўгай онани (албатта ўзимнинг онам дейман ҳозир) қўлларида тарбия топдим ва бунинг ўша пайтларда ўзига яраша машаққатлари ҳам бўлган. Энди ўзим ҳам фарзанд тарбиялаб шуни кенг англадимки, оила қуриш ва фарзандни муносиб тарбиялаш, унга билим бериш — катта меҳнат, масъулият ва машаққат экан.
4 нафар ўғил фарзанди бўлган оилага ва талабчан қайнонага бош келин бўлдим. У ерда энг асосийси фақат оила, рўзғор юмушлари ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланардим. На ўқишга, на ишлашга имконият бўлмаган. Лекин вақт ўтиб, ўз устимда ишлашим, меҳнатсеварлигим, интилишим ва ҳаракатларим билан, ҳамиша қўллаб-қувватлаган яқинларим, тўғри йўлни кўрсатган устозларим эътибори ва кўмаги туфайли ҳозирги кунда жамиятда, оилада, қариндош-уруғлар ўртасида ўз ўрнимга эгаман.
Шуларни бирма-бир кўз олдидан ўтказиб, ҳам оила, ҳам давлат ишини бир хил олиб бориш қийин дейдиганларга ҳаммаси инсоннинг ўз қўлида эканлигини айтгим келади. Айниқса, болаларимга қараб, уларнинг интилишларига, хатти-ҳаракатларига қараб, доимо иш билан овора бўлганда ҳам яхши фарзандлар тарбиялаш мумкинлигини хулоса қиламан.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
суҳбатлашди.