Халқаро ёш стратеглар анжумани
Навоий вилоятида стратегик тафаккурни ривожлантириш ва ёшлар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган нуфузли халқаро тадбир бўлиб ўтди. Илмий ва амалий мулоқотлар майдонига айланган мазкур анжуман доирасида V Халқаро “Владимир Квинт ёш стратеглари” таълим бирлашмалари учрашуви ташкил этилди.
Тадбирда Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси, таниқли стратег олим Владимир Львович Квинт иштирок этди. Шунингдек, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров ҳамда соҳа мутасаддилари, илмий доира вакиллари ва ёш стратеглар анжуман ишида фаол қатнашди.

Мазкур халқаро учрашув ёшларда стратегик фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, уларни глобал жараёнларни чуқур таҳлил қила оладиган малакали мутахассислар этиб тарбиялашга хизмат қилади. Анжуман давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, долзарб масалалар юзасидан фикр юритди.
– Бугунги кунда сув ресурсларини бошқариш масаласи жаҳон миқёсида устувор стратегик йўналишга айланиб бормоқда, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров. – Соҳада барқарор ривожланишга эришиш учун нафақат техник билимга эга, балки кенг қамровли стратегик тафаккурга эга мутахассислар талаб этилмоқда. Шу боис глобал фикрлайдиган, вазиятни тўғри таҳлил қилиб, аниқ ва самарали қарор қабул қила оладиган ёш кадрларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.

Анжуман доирасида иштирокчилар учун илмий мулоқотлар, амалий сессиялар ҳамда маданий-маърифий дастурлар ташкил этилди. Хусусан, қадимий Бухоро шаҳрига режалаштирилган саёҳат ёш стратеглар учун тарихий мерос ва замонавий стратегик ёндашув уйғунлигини яққол ҳис этиш имконини беради.
Мутахассислар фикрича, мазкур халқаро тадбир ёшларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда турли соҳалар, жумладан, сув хўжалиги йўналишида келажак лидерларини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА