Халқаро Турон федерацияси ва Alfraganus University ўртасида меморандум имзоланди
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги машҳур SUMMIT One Vanderbilt мажмуасида Халқаро Турон федерацияси (International Turon Federation — ITF) ҳамда Ўзбекистондаги Alfraganus University ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу муҳим ҳужжат миллий спортимизни илмий ва академик асосда ривожлантириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Учрашувда Alfraganus University ректори Азизжон Исмоилов, Халқаро Турон федерацияси президенти Фаррух Ниязимбетов, ITF вице-президенти Равшанбек Алматов, «Ватан» Нью-Йорк жамияти раиси ўринбосари Фотима Муқимова, шунингдек, блогер Отабек Маҳкамов иштирок этди.
Ҳужжатда Турон спорти бўйича профессионал кадрларни тайёрлашнинг мустаҳкам академик асосларини яратиш бош мақсад қилиб белгиланди. Ҳамкорликнинг энг асосий ва салмоқли йўналишларидан бири, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Alfraganus Universityда Турон спорти бўйича бакалавриат таълим йўналишини ташкил этишдир. Мазкур янги йўналиш орқали Ўзбекистон олий таълим тизимида Турон бўйича малакали мутахассислар, профессионал мураббийлар ва ҳакамлар тайёрлаш кўзда тутилган. Томонлар бакалавриатнинг дастурининг ўқув-режаси, ўқув-услубий ҳужжатлари ва баҳолаш мезонларини биргаликда ишлаб чиқади.
Шунингдек, ўқув дастурининг Турон техникаси, спорт қоидалари, машғулот методикаси, ҳакамлик ва мусобақаларни ташкил этишга оид профессионал қисми ITFнинг расмий ҳужжатлари асосида яратилади. Федерация ўз навбатида тегишли профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва сертификатлаш, зарур услубий адабиётлар ҳамда аудиовизуал материалларни тақдим этишда бевосита иштирок этади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш босқичлари ҳам аниқ белгилаб олинган бўлиб, 2026 йил декабрь ойида қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва дастур концепциясини расман тасдиқлаш, 2027 йил давомида зарур академик ва ташкилий жараёнларни якунига етказиш, профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ҳамда сертификатлаш, шунингдек, 2027 йил сентябрь ойида илк талабаларни ўқишга қабул қилишни бошлаш режалаштирилган.
Ҳамкорлик доираси фақат таълим жараёни билан чекланиб қолмайди. Университетда Турон секциясини очиш, фаннинг тарихи, методикаси, биомеханикаси ва педагогикаси бўйича чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини нуфузли илмий нашрларда эълон қилиш режалаштирилган. Халқаро Турон Федерацияси ҳар ўқув йилида университетнинг камида 5 нафар профессор-ўқитувчиси ва 10 нафар талабасини бепул ўқитиш ҳамда сертификатлашни, шунингдек, университетда махсус курслар, семинарлар ва маҳорат дарсларини ўтказишни ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, ўқув даргоҳида Турон спортига бағишланган йиллик қўшма илмий-амалий конференцияларни ўтказиш кўзда тутилган.
Меморандумга кўра, Alfraganus University базасида Турон спорти бўйича мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш ҳамда сертификатлаш маркази ташкил этилади. Келажакда мазкур марказ нафақат Ўзбекистон, балки ITFга аъзо хорижий давлатларнинг миллий федерациялари ва делегациялари учун ҳам нуфузли халқаро ўқув-методик база бўлиб хизмат қилади.
Нью-Йоркда эришилган мазкур келишув миллий спорт, олий таълим ва халқаро ҳамкорликни ўзаро мустаҳкам боғлаган ҳолда, Турон спортининг илмий ва академик келажагини таъминлашда тарихий қадам бўлиб хизмат қилади.
ЎзА