Халқаро тажриба сари яна бир қадам
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида тизимда юқори натижаларга эришаётган ёш мутахассис хотин-қизлар учун махсус малака ошириш дастури йўлга қўйилди.
Дастур доирасида 33 нафар хотин-қизлар Туркияда 15 кун давомида илғор тажрибаларни ўрганмоқда. Улар орасида Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармасидан Севара Абдураҳмонова, Олмазор тумани бўлими бош мутахассиси Шаҳзода Бегматова, Яккасарой тумани бўлими етакчи мутахассиси Соҳиба Ҳошимова ҳамда Шайхонтоҳур тумани бўлими ходими Дилфуза Ганиева ҳам бор.

Машғулотлар Истанбул Айдин ва Истанбул тижорат университетлари, Кучукчекмеже тумани ҳокимлиги ҳамда “Янги таълим” фондида ташкил этилган. Иштирокчилар самарали бошқарув усуллари ва хотин-қизлар билан ишлашнинг замонавий ёндашувлари билан танишишди.

Учрашувларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда ундан ҳимояланишнинг асосий ҳуқуқий ва ижтимоий механизмлари муҳокама қилинди. Ушбу тизим жабрланувчиларга тезкор давлат ҳимоясини тақдим этиш, ҳуқуқий, тиббий ва руҳий кўмак бериш ҳамда зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан таъсир чораларини қўллашга қаратилган имкониятлар хусусида сўз юритилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ўзлаштирилган билим ва тажрибалар мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда янги усулларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА