Халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштирувчи саммит
Жорий йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтаётган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммити ишида иштирок этди.
Икки кунлик форум кун тартибидан иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, “яшил” тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва Иқлим бўйича Париж битими қоидаларини бажариш масалалари ўрин олган.
Тадбирда Президентимиз “яшил” тикланиш соҳасида мамлакатда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишларини айтиб ўтди ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.
Давлатимиз раҳбарининг “яшил” ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Шуни таъкидлаш жоизки, Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини енгиб ўтиш, бу борадаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Яқинда эса, Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилинди. Президентимиз мазкур ҳужжат тўлиқ қўллаб-қувватлангани учун барча халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Қолаверса, юртбошимиз томонидан “яшил технологиялар”ни кенг жорий этиш, Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини бартараф этиш, “яшил энергетика”ни ривожлантириш ҳамда “яшил иқтисодиёт”ни барпо этиш каби мақсадлар илгари сурилиб, Ўзбекистон «P4G» йўналишидаги шерикликка қўшилиш ва унинг тўлақонли иштирокчисига айланишига тайёр эканлиги таъкидланди.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, «P4G» саммити “Углерод нейтраллиги томон инклюзив атроф-муҳитни тиклаш” шиори остида Жанубий Кореяда ўтказилаётган биринчи халқаро экологик саммит ҳисобланади.
Шубҳасиз, бўлиб ўтган саммит халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга ундайди. Қолаверса, бир қанча давлатлар билан экологик йўналишда халқаро ҳамкорлигимиз янада кенгаяди.
Р.Сиддиқов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги
масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари