Халқаро майдондаги божхона ҳамкорлиги янада кучайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Ғайрат Насиров раҳбарлигида Россия, Қозоғистон, Туркия, Хитой Халқ Республикаси ҳамда Бельгия Қироллигида фаолият юритаётган божхона масалалари бўйича маслаҳатчилар – Божхона қўмитасининг расмий вакиллари иштирокида видеоконференция шаклида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда хориждаги расмий вакиллар фаолиятини ягона ёндашув асосида ташкил этиш, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, амалий фаолиятда учраётган муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрдаги тегишли фармонига мувофиқ Қозоғистон, Туркия, Хитой Халқ Республикаси ва Бельгия Қироллигидаги Ўзбекистон элчихоналари ҳузурида божхона масалалари бўйича маслаҳатчилар – Божхона қўмитасининг расмий вакиллари фаолият юритмоқда.
Ушбу вакиллар мамлакат ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ташқи савдо муносабатларини қўллаб-қувватлаш, экспорт-импорт жараёнларида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш ҳамда хорижий давлатлар божхона органлари билан амалий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилди.
Йиғилиш давомида хориж давлатларининг илғор тажрибасини ўрганиш, ташқи савдо соҳасидаги қонунчиликдаги ўзгаришларни мунтазам мониторинг қилиш, экспортёрлар ва халқаро ташувчилар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги ташаббусларни илгари суриш, халқаро ташкилотлар доирасида қабул қилинаётган қарорларни таҳлил қилиш ҳамда грант маблағлари ва техник кўмак лойиҳаларини жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, расмий вакиллар фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ахборот алмашинувини жадаллаштириш ва ҳамкор давлатлар билан ишчан мулоқотни изчил давом эттириш ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатнинг халқаро иқтисодий алоқаларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилиш якунида хориждаги божхона хизмати расмий вакиллари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, белгиланган вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан мунтазам ахборот тақдим этиб бориш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Ш. Маматуропова, ЎзА