Халқаро мақом санъати анжумани очилди
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида учинчи Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчилари, хорижий меҳмонлар, маданият ва санъат намояндаларини қутлаб, мақом санъати қалбларни бирлаштирадиган, одамларга эзгулик улашадиган маънавият кўприги эканини таъкидлади.
Қайд этилганидек, юртимизда доимий тус олган ушбу анжуман мақом санъатининг умумбашарий нуфузини оширишга хизмат қилаётган муҳим халқаро майдонга айланиб бормоқда.


Тадбирда UNESCO, ICESCO, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, Туркий Парламент Ассамблеяси, Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамда бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари, хорижий мамлакатларнинг маданият вазирлари, элчилар, 80 дан ортиқ давлатдан 250 га яқин маданият ва санъат вакиллари иштирок этмоқда.
Президентимиз анжуманнинг бу галги манзили бўлган Наманган диёрининг ўзига хос маданияти, санъати, меҳнаткаш ва бунёдкор халқи ҳақида алоҳида тўхталди. Буюк шоир ва мутафаккир Бобораҳим Машраб, Нодим, Фазлий, Мажзуб Намангоний, Сўфизода, Ибрат, Усмон Носир, Чустий каби ижодкорлар, шунингдек, миллий мусиқа санъати ривожига улкан ҳисса қўшган ҳофиз, созанда ва бастакорларнинг бой мероси ҳурмат билан тилга олинди.


Шу кунларда Наманганда 65-халқаро гуллар фестивали ҳам юксак савияда ўтаётгани қайд этилди. Ушбу фестиваль Янги Ўзбекистон шароитида оддий гуллар кўргазмасидан халқаро миқёсда эътироф этилаётган катта маданий ҳодиса ва миллий бренд даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Жорий йилда Наманганда 150 миллион тупдан ортиқ гул кўчатлари ўтқазилиб, бу натижа халқаро миқёсда тан олингани ва “Гиннесснинг рекордлар китоби”га киритилгани эътироф этилди.
Президентимиз мақом санъатининг миллий ва жаҳон маданиятидаги ўрни ҳақида сўз юритди. UNESCO томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган мақом оддий мусиқа эмас, балки миллат хотираси, халқ қалби ва асрлар оша янграб келаётган маънавий овоз экани таъкидланди.


Учинчи Халқаро мақом санъати анжуманининг асосий мақсади ушбу ноёб меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этиш, келгуси авлодларга безавол етказишдан иборат экани қайд этилди.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда мақом санъати нуфузини миллий ва халқаро миқёсда янги босқичга кўтариш маданият соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Мақом ижрочилиги билан бирга унинг назарий, тарихий ва фалсафий асослари ҳам чуқур ўрганилмоқда.
Бу борада “мусиқа мактаби – ихтисослашган мактаб – олийгоҳ” тизими йўлга қўйилгани, маданият ва санъатнинг 21 та йўналишида, жумладан, мақом бўйича ижодий бирлашма ташкил этилгани таъкидланди. Эндиликда ҳар бир маҳалла, туман, вилоят ва республика миқёсида ёш мақомчилар танловлари ўтказилади.


Президентимиз мақом санъатини ривожлантириш бўйича қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
Янги Тошкентда барпо этилаётган муҳташам Мақом марказини Дунё мақом маркази деб номлаш, унинг қошида Халқаро мақом академиясини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу академияда ўзбек мақом мактаблари билан бир қаторда араб, турк, форс, тожик, ҳинд ва бошқа Шарқ мумтоз мусиқа йўналишлари ҳам ўқитилади.
Марказ қошида дунё миқёсидаги ноёб мусиқий қўлёзмалар, товуш ёзувлари ва нота архивларини жамлаган Халқаро рақамли кутубхона ва лаборатория ташкил этилади. Мазкур мажмуа соҳа олимлари ва санъатшуносларини бирлаштирадиган глобал илмий-академик платформага айланиши таъкидланди.


Шунингдек, Жаҳон мақом антологиясини яратиш ташаббуси илгари сурилди. Унда мақом, муғом, мукам, дастгоҳ каби дунё халқларининг мумтоз мусиқа намуналари, ноталар, аудио ва видео ёзувлар, илмий тадқиқотлар ягона рақамли платформага жойлаштирилади. Мақом ижроси бўйича мобил илова ишга туширилиб, унинг фонотекаси доимий янгилаб борилади.
Мақом илмини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро жамғарма ташкил этиш, унинг грантларини илмий изланишлар, ноёб манбаларни ўрганиш, инновацион лойиҳалар ва соҳа вакилларини рағбатлантиришга йўналтириш таклиф этилди.
Жамғарма ҳисобидан Халқаро мақом мукофотини таъсис этиб, мақом ривожига катта ҳисса қўшган олим ва санъаткорларни ҳар икки йилда тақдирлаб бориш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.


Шу билан бирга, “Шашмақом”нинг 6 та йўналиши бўйича ҳудудларда “Мақом йўли” маданий-туристик маршрути яратилади. Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва Тошкентда мақом йўналишларига бағишланган туризм-тематик кўчалар ташкил этилади.
Юртимизда мақом асарларининг олтин фондини яратиб, халқимизга етказиб келаётган Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблига миллий давлат ансамбли мақоми берилиши маълум қилинди.
Давлатимиз раҳбари Халқаро мақом санъати анжумани мақомнинг умрбоқий меросини келажак авлодларга етказадиган, халқлар ўртасида дўстлик ва маданий мулоқотни мустаҳкамлайдиган муҳим халқаро майдонга айланиб бораётганини таъкидлади.


Нутқ якунида Президент Шавкат Мирзиёев анжуман иштирокчиларига сиҳат-саломатлик, жўшқин илҳом, янги ижодий ютуқлар тилаб, учинчи Халқаро мақом санъати анжуманини очиқ деб эълон қилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари футбол бўйича миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳақида тўхталиб, футболчиларимиз халқимизнинг 34 йиллик орзусини рўёбга чиқарганини таъкидлади.
Президентимиз миллий жамоамиз бугунги ўйинда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонч билдириб, футболчиларга омад тилади.


Маросимда концерт дастури намойиш этилди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.

