Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро лойиҳа кўмагида ногирон ва эҳтиёжманд хотин-қизлар ўз тадбиркорлигини бошлади

Андижонда “Инклюзив уфқлар: ҳамма учун таълим ва тадбиркорлик – II фаза” лойиҳаси доирасидаги грант ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ногирон ва эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг касбий ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш орқали турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида Буюк Британиянинг Халқаро тараққиёт бошқармаси молиявий кўмагида қатор ташкилотлар томонидан лойиҳа амалга оширилди.

Хусусан, “САБР” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, унинг Андижон филиали – Маҳаллий ривожланиш маркази ҳамда Хоразм вилоятидаги “Интербилим” нодавлат нотижорат ташкилоти “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказлари, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этди.

[gallery-27256]

Лойиҳа доирасида Андижон вилоятидан 87 нафар хотин-қиз ва ёшлар касбий ўқув курсларида таҳсил олиб, меҳнат бозори талабларига мос билим ва кўникмаларга эга бўлди.

Тикувчилик, компьютер саводхонлиги, қандолатчилик, сартарошлик, миллий ҳунармандчилик – каштачилик, сувенир совғалар тайёрлаш, гулчилик, парда тикиш йўналишларидаги курсларни тамомлаганларга махсус сертификатлар берилди.  

Курс тингловчилари касб-ҳунар ўрганиш билан бирга, 28 соатлик машғулот ва тренинглар доирасида тадбиркорлик, маркетинг, ҳуқуқий ва молиявий саводхонлик, шунингдек, кредит бошқаруви бўйича билим ҳамда кўникмаларга эга бўлди. Бизнес-консультантлар, ҳуқуқшунос ва психологлардан маслаҳатлар олди.  

Тадбирда лойиҳа ташкилотчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида курсни якунлаган, ўз бизнес-режасини тақдим этиб, грант ғолиби бўлган 12 нафар андижонлик хотин-қизга сартарошлик, қандолатчилик фаолияти учун зарур асбоб-ускуналар, тикув машиналари топширилди.  

Эндиликда улар тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш имконига эга бўлди.  

Ф. Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари