Халқаро кузатувчилар фаолиятини бошлади
Сайлов - 2021
15 сентябрь куни Тошкентда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловларни кузатиш бўйича миссиясининг матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси ўз фаолиятини бошлагани ҳақида маълум қилинди.
Сайловларни кузатиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан ЕҲХТ ДИИҲБ миссиясининг Оуэн Мёрфи (Ирландия) бошчилигидаги 12 нафар мутахассисдан иборат асосий гуруҳи келган. Улар Германия, Австрия, Беларусь, Польша, Молдова, Словакия, Украина, Руминия, Грузия ва Шимолий Македониядан.
Сайловда ЕХҲТ ДИИҲБдан ҳаммаси бўлиб 300 нафарга яқин кузатувчи қатнашади, шу жумладан, яна 18 мамлакатдан 28 нафар узоқ муддатли кузатувчи иштирок этади. Улар сайлов куни ҳудудларда бўлиб, сайлов жараёнларини кузатади, шунингдек, 250 та қисқа муддатли кузатувчилар ҳам овоз бериш тадбирларини кузатиб боради.
Матбуот анжуманида бу ЕҲХТ ДИИҲБнинг 2016-2021 йиллардаги учинчи тўлақонли миссияси экани таъкидланди.
ЕХҲТ ДИИҲБ сайловларни кузатиш миссияси Ўзбекистонда 1999, 2004, 2009, 2014, 2019 йиллардаги бешта парламент ва 2007, 2015 ва 2016 йиллардаги Президент сайловларида иштирок этган. Қайд этилишича, бўлажак сайловларни ташкил этишда ЕХҲТ ДИИҲБ экспертларининг аввалги Президент сайловлари якунлари бўйича ҳисоботларда баён этилган фикр-мулоҳазалари ва тавсиялари эътиборга олинган. Хусусан, жорий йилги сайловда аёл номзод иштирок этаётгани ижобий баҳоланмоқда.
Шунингдек, сайловларни ўтказиш жараёнидаги ўзгаришлар ҳам қайд этилди. Хусусан, катта хавф туғдирмайдиган ва оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этишига доир чеклов бекор қилинди. Сиёсий партиялардан кузатувчиларнинг сайловлар ошкоралиги ва демократлигини таъминлашдаги роли кучайтирилди.
Улар овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича сайлов комиссиясининг баённомаси тайёрлангандан сўнг дарҳол сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхасини олишлари мумкин. Участка сайлов комиссиясининг овозларни санаш тўғрисидаги баённоманинг кўчирма нусхасини ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол сайлов участкасига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйиш тартиби ўрнатилди.
Ўзбекистоннинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари консуллик рўйхатидан ўтганидан қатъи назар, хорижий давлатларда яшаётган Ўзбекистон фуқароларини сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби ҳамда ҳориждаги сайловчиларнинг яшаш жойи ва иш жойидаги кўчма овоз бериш қутиларида овоз бериш учун ҳуқуқий асослар қонуний жиҳатдан мутаҳкамланди.
Бундан ташқари, сиёсий партияларга тарғибот ишларини олиб бориши, умумпартиявий сайлов тадбирлари, жумладан, оммавий сайлов кампаниясини ўтказиши учун қулай ҳуқуқий шароитлар яратилди.
Тайёргарликнинг барча босқичларида ва сайловларни ўтказишда сайлов қонунчилиги субъектларининг қабул қилинган қарорлар устидан шикоят қилиш тартиби назарда тутилган. Шунингдек, сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сайловларни ўтказиш ва якунларни сарҳисоб қилишга оид масалалар бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига тақдим этилган маълумотларга қараганда, 2016 йилги Президент сайлови якуни бўйича 24 та тавсияномадан 19 таси қабул қилинди, 2016-2021 йиллар давомида Ўзбекистон сайлов қонунчилигига жами 29 та тавсия, 8 та қисман қабул қилинган тавсиялар жорий қилинди.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА