Халқаро кўргазмада Ўзбекистон стенди эътироф этилди
Жорий йилнинг 4-6 апрель кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида АИТФ-2023 19-халқаро туризм ва саёҳат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Озарбайжон халқаро туризм ярмаркасида илк бор «ҳамкор давлат» сифатида иштирок этмоқда. Ўзбекистон делегациясининг иштироки Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда «Миллий ПР-маркази» ДУК, шунингдек, Ўзбекистоннинг Озарбайжон Республикасидаги элчихонаси ҳамкорлигида, “Uzbekistan Airways” АЖ кўмагида ташкил этилмоқда.
Сайёҳлик кўргазмасининг очилишида Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов ҳамда «Миллий ПР-маркази»ДУК директори Дилфуза Самандарова халқларимиз қондош, қариндош эканлигини таъкидлади. Шу боисдан Президентимиз томонидан Озарбайжон билан туризм йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш вазифаси қўйилган.

Мазкур сайёҳлик кўргазмасида асосий эътибор озарбайжонлик туризм соҳасидаги тадбиркорларнинг юртимизга бўлган қизиқишларини ошириш, мамлакатимизга бу юрт вакилларининг ташрифини кўпайтиришга қаратилди.
– Ҳозирда Хоразмда сайёҳлар учун зарурий шароитлар яратилмоқда. Жумладан, Хивага поезд қатновларининг йўлга қўйилиши ҳам хизмат кўрсатиш сифатини янада оширди. Хоразмда туристларнинг кўпроқ қолишлари учун ҳаракатдамиз, – деди Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этаётган хоразмлик тадбиркор Зайнаб Абдуллаева.
Давлатимиз ташаббуси билан Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида туризм хизматлари экспортини кўпайтириш ва озарбайжонлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида Хоразм вилояти бириктирилган эди. Унга кўра, кўргазма доирасида Хоразм вилоятидан катта делегация иштирок этмоқда. Делегация таркиби 7 та сайёҳлик компанияси, «Ичан қалъа» мажмуаси раҳбарияти, маданият ва санъат намояндалари, мусиқачилар ҳамда ҳунармандлардан иборат.

АИТФ-2023 халқаро кўргазмаси доирасида давлат сайёҳлик ташкилотлари, маркетинг компаниялари, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Озарбайжон туроператорлари билан майдончаларни фаол сотиш бўйича ишбилармонлик учрашувлари ҳамда жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этиш шартлари билан танишиш режалаштирилган.
АИТФ-2023 кўргазмаси доирасида кечки зиёфат ҳам режалаштирилган бўлиб, унда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тақдимоти, Хоразм миллий ансамбли санъаткорлари чиқишлари билан маданий дастур, халқ амалий санъати ва миллий таомлар намойиши ўрин олган.
ЎзА