Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги давом этмоқда
InnoWeek.Uz Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Европа Иттифоқининг «Европа уфқлари» (Horizon Europe) янгиланган дастурига бағишланган вебинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан ташкил этилган мазкур веб-семинарда Европа Иттифоқининг «Horizon 2020» дастурининг Қозоғистондаги миллий координатори Камила Магзиева маъруза қилди.
Унда илмий жамоатчилик вакиллари «Европа уфқлари» дастури билан ишлаш қоидалари, танловларда ва тадбирларда иштирок этиш, шерикларни топиш, танловларга лойиҳа аризаларини ёзиш ва дастурнинг тегишли сайтларида рўйхатдан ўтиш каби кўникмалар билан таништирилди.
Европа Иттифоқи тадқиқотлари, инновациялари ва инвестициялари бўйича Европа уфқлари доиравий дастури дунёдаги энг йирик тадқиқот дастури бўлиб, 2021-2027 йилларда умумий бюджети 100 миллиард еврони ташкил этади. Биринчи танловлар 2020 йил октябрь ойи охирида турли хил илмий устуворликлар, шу жумладан, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, атроф-муҳит, иқлим, энергетика, АКТ, космик, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, ижтимоий ва гуманитар фанларда тадқиқотлар бўйича эълон қилинган.
Вебинарни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова очиб берар экан мазкур лойиҳанинг илм-фан ривожи учун аҳамияти катта эканини алоҳида қайд этди.
Бугун ҳам ҳафталик тадбирлари давом этмоқда.