Халқаро ҳамкорликдан умидлар катта
ОКМК йирик инвестициявий лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологик ечимларни жорий этиш ҳамда самарали халқаро андозалардан унумли фойдаланиш мақсадида дунёнинг етакчи хорижий корхоналари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб келмоқда.
Хусусан, комбинатга Хитой тоғ-кон саноатининг энг йирик ва нуфузли вакилларидан бири – “China Nonferrous Metal Industry’s Foreign Engineering and Construction Co., Ltd. (NFC)” компанияси вакиллари ташриф буюрди.
Даставвал меҳмонлар малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган ОКМК Муҳандислик мактабида бўлиб, у ерда тингловчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечиришди ва дуал таълим тизими ҳақидаги саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олди. Қалмоққир ва “Ёшлик-1” конларида амалга оширилаётган маъданларни қазиш ҳамда ташиш жараёнлари делегация аъзоларининг катта қизиқишига сабаб бўлди.

ОКМК ва Хитой компанияси раҳбарлари ўртасидаги учрашув давомида тоғ-кон саноатида инновацион технологияларни қўллаш, инвестициявий лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш ва янги объектларни барпо этиш масалалари муҳокама қилинди. Хорижлик меҳмонлар ОКМКнинг улкан ишлаб чиқариш салоҳиятини юқори баҳолашиб, конларни ўзлаштиришда замонавий муҳандислик ечимларини тақдим этишга тайёр эканликларини билдирди.

– Биз бундан икки йил аввал ОКМКга келиб, фаолияти билан танишган эдик, – дейди “NFC” Хитой компанияси бош директори Тан Яою. – Бу гал ҳам гувоҳи бўлдикки, шу қисқа вақт ичида улкан лойиҳалар амалга оширилибди. Айниқса, янги конларнинг ўзлаштирилиши бизни ҳайратга солди. Ўйлаймизки, компанияларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари асосида сизнинг билим ва имкониятларингиз, бизнинг тажрибамиз уйғунлик касб этади. Келгусида маъдан қазиб олиш, бойитиш ва жараёнларга экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш борасидаги ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаймиз.

Шунингдек, пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “China Nonferrous Metal Industry’s Foreign Engineering and Construction Co., Ltd.” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Мазкур ҳамкорлик доирасида реагентлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш, иккиламчи ресурсларни қайта ишлаш ҳамда маъдан таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш каби муҳим йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди.

ОКМК ва Хитойнинг етакчи NFC компанияси ўртасидаги мулоқот тоғ-кон саноатида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Дунё миқёсида улкан ресурс ва тажрибага эга корхона билан турли йўналишлардаги шериклик комбинатнинг глобал металлургия бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
А.Мусаев, ЎзА