Халқаро ҳамкорлик: истиқбол ва имкониятлар
Бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг ривожланган давлатларнинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Андижон давлат педагогика институтида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда ўқитиш жараёнига халқаро таълим мезонларини жорий этиш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг халқаро маълумотлар базасидан самарали фойдалана олиш ва замонавий талабларга жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган методикаларини ўрганиш, ўз фаолиятларига татбиқ этиш Андижон давлат педагогика институти фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган.
– Институтимизда белгиланган режалар, чора-тадбирлар асосида халқаро ташкилотлар, хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда, – дейди Андижон давлат педагогика институти ректори, профессор Баҳтиёржон Расулов. – Ҳозирга қадар ана шу йўналишда қатор хорижий давлатлар ОТМлари билан келишув ва меморандумлар имзоланган.
Жумладан, Туркия, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон, Германия, АҚШ, Хитой ва бошқа давлатларнинг қатор олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ҳамкорлик асосан биргаликда ўқув дастурлари ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, академик алмашинувлар, талаба ва профессор-ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашиш сингари йўналишларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, хорижий ҳамкорлар билан семинар-тренинглар, илмий конференциялар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Айниқса, институтнинг Россия Федерациясининг Қозон ва Чуваш давлат педагогика университетлари, Туркиянинг Marmara, Egey, Karabuk, Хитойнинг Сиян Жиятонг университетлари билан ҳамкорлик алоқалари анча мустаҳкам.
Масалан, Туркия олий ўқув юртлари билан ўқув дастурлари бўйича ҳамкорлик қилиш орқали талабаларга замонавий педагогик усуллар ва тажрибаларни ўргатиш имконияти яратилган. Ҳар йили туркиялик олимлар билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун ўтказилаётган семинар-тренинглар таълим сифатини оширишга ёрдам бермоқда.
Чуваш давлат педагогика университети билан ҳамкорлик доирасида университетнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Андижон давлат педагогика институтига ташриф буюриб, институтдаги таълим жараёнлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, ўқитувчи ва талабалар учун маърузалар ўқиди, маҳорат дарслари ўтди.
Шунингдек, Осиё минтақасида юқори нуфузга эга, Осиё университетлари альянси халқаро уюшмаси аъзоси бўлган Хитойнинг Сиян Жиятонг университети билан ҳамкорлик доирасида мазкур университетда Андижон давлат педагогика институти талаба ва ўқитувчилари учун магистратура ҳамда докторонтура йўналиши бўйича бешта ўрин ажратилди.
Хитойнинг Ипак йўли университети кўмаги билан Андижон давлат педагогика институти тарихчи олимларининг қатор илмий изланиш ва монографиялари хитой тилига таржима қилинди.
Хитойнинг халқаро Башу мактаби билан ҳамкорликда Андижон педагогика институтида "Silk road" Хитой тили ва маданияти маркази ташкил этилиб, фаолият юритмоқда. Хитой маданиятига оид қўлёзмалар, адабиётлар, махсус жиҳозлар жой олган ушбу марказда хитойлик тажрибали ўқитувчилар томонидан хитой тили ўргатилмоқда. Марказни муваффақиятли тамомлаганларга халқаро даражадаги сертификат берилади.
Мазкур марказ кўплаб ёшларнинг хитой тилини ўрганишига, келгусида Хитой давлатида ўқиши, ишлаши учун кенг имконият беради.
Андижон давлат педагогика институти илмий тадқиқотлар олиб бориш, дуал ва касбий таълимни ривожлантириш, замонавий кластер таълим тизимини жорий этиш ҳамда ёшларни ушбу жараёнга жалб этиш, талабалар, ўқитувчилар ўртасида малака алмашинуви ва халқаро тажрибаларни ўрганиш йўналишларидаги қатор халқаро лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Германиянинг Дрезден техника университети, Лейпциг университети ҳамда Германия Академик алмашинув хизмати (DAAD) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Норасмий ва расмий касб-ҳунар таълимнинг ўзаро боғлиқлиги, иш ва ўқув жараёнларини рақамлаштириш” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг кузида бир ҳафталик халқаро анжуман ўтказилиши белгиланган. Анжуманда Германия университетлари олимларининг иштирок этиши, мавзу доирасида Ўзбекистонда янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар бериши кўзда тутилган.
Ўтган ўқув йили давомида институтнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари турли хорижий давлатлардаги олий ўқув юртларида малака ошириб қайтди. Жорий йилда ҳам малака ва стажировкага юбориш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилади.
Бир сўз билан айтганда, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар Андижон давлат педагогика институтини жаҳоннинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, жаҳон стандартларига жавоб берадиган, рақобатбардош, малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятларини оширишга хизмат қилмоқда.
Фахридин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари