Халқаро форум ўтказилди
Тарихдан яхши маълумки, инсоният тараққиёти фикрлар ҳамоҳанглиги ва ўзаро тажриба алмашиш асносида юзага келган. Мамлакатимизнинг бугунги сиёсати ҳам айни шу мезон асосида юритилмоқда. Айниқса, таълим соҳасидаги халқаро тажрибалар ўзининг юксак натижаларини бераётгани эса фикримизнинг исботи.
Ана шундай имкониятдан фойдаланган ҳолда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Ўзбекистон–Хитой саноат корхоналарида технологик ҳамкорлик: инновацион ва рақамли ечимлар” мавзусида халқаро форум ўтказилди.

Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, "Ўзчармсаноат" уюшмаси ҳамда "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон ва Хитой корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик учрашувлари ўтказилиб, саноатни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Олимларнинг таъкидлашича, бундай ҳамкорлик замонавий технологик ечимларни жорий этиш, қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ҳамда янги авлодни юқори малакали мутахассис сифатида тайёрлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Қайд этилишича, институт учун бундай ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга бўлиб, қўшма лабораториялар ташкил этиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, инновацион ишланмаларни саноатга татбиқ этиш ҳамда замонавий технологиялар билан ишлай оладиган мутахассисларни тайёрлаш борасида янада қулайликлар тақдим этмоқда.

Форум якунида ушбу тадбир нафақат долзарб масалаларни муҳокама қилиш майдони, балки янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни бошлаш учун муҳим платформа экани таъкидланди.
Шербек Исломов
ЎзА