Халқаро экспертлар Ўзбекистон молия тизимига қандай тавсиялар бермоқда?
Бугунги кунда банкларнинг вазифаси фақат пул муомаласини тартибга солиш ёки инфляцияни назорат қилиш билан чекланмайди. Энди улар иқтисодиётдаги энг муҳим омиллардан бири бўлган жамоатчилик ишончини шакллантириш учун ҳам масъул ҳисобланади. Чунки иқтисодий қарорлар қанчалик тўғри бўлмасин, агар уларга нисбатан ишонч бўлмаса, кутилган натижага эришиш қийин.
“Monetary Policy Dialogue – 2026” халқаро мулоқоти доирасида Оксфорд университети профессори Майкл Макмаҳон ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг собиқ эксперти Дэвид Вавра айнан шу масалалар юзасидан ўз қарашларини билдирди. Уларнинг фикрлари Ўзбекистон учун ҳам муҳим тавсияларни ўз ичига олади.
Профессор Майкл Макмаҳоннинг таъкидлашича, илгари марказий банклар асосан қабул қилинган қарорларни эълон қилиш билан чекланарди. Бугунги кунда эса молиявий барқарорликни таъминлаш сиёсатининг ажралмас қисмига айланган. Яъни, Марказий банк фақат фоиз ставкасини ўзгартириш билан эмас, балки нима сабабдан бундай қарор қабул қилингани, унинг аҳоли ва бизнесга қандай таъсир кўрсатишини содда ва тушунарли тарзда изоҳлаши керак.
Мутахассиснинг фикрича, одамлар Марказий банк қарорларини тўлиқ англаса, иқтисодиётга бўлган ишонч ҳам ортади. Экспертларнинг айтишича, “реал фоиз ставкаси”, “базавий инфляция” каби атамалар иқтисодчилар учун тушунарли бўлса-да, оддий фуқаролар учун мураккаб. Шунинг учун марказий банклар техник терминлардан кўра, одамлар ҳар куни дуч келадиган тушунчалар масалан: нархлар, иш ҳақи, кредитлар, иш ўринлари ва оилавий бюджет ҳақида содда тилда гапириши керак. Бу эса аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни таъминлайди.
Кўпчилик иқтисодий прогнозлар ўзгарса, буни мутахассисларнинг хатоси деб ҳисоблайди. Профессор Макмаҳон бунга бошқача ёндашади. Унинг таъкидлашича, прогнозлар маълум шароитларга асосланиб тузилади. Агар нефть нархи, валюта курси ёки жаҳон иқтисодиётидаги вазият ўзгарса, прогноз ҳам янгиланади. Муҳими, Марказий банк бу ўзгаришларнинг сабабини одамлар учун очиқ ва тушунарли тарзда изоҳлаб бера олиши керак.
Профессор Макмаҳондан Ўзбекистон каби ривожланаётган давлат учун кейинги йилларда энг муҳим коммуникация вазифаси нима бўлиши сўралганда, у қисқа, аммо жуда муҳим жавоб берди: “Ишончлилик, ишончлилик ва яна ишончлилик.” Унинг фикрича, Марказий банкка ишонч юқори бўлган мамлакатларда инфляцияни назорат қилиш осонроқ кечади. Демак, ишонч бугунги иқтисодиётнинг энг муҳим ресурсларидан бирига айланмоқда.
Халқаро валюта жамғармасининг собиқ эксперти Дэвид Вавра эса ислом банкчилиги ҳақида фикр билдириб, бу тизим молиявий хизматлардан фойдаланувчилар сонини кўпайтиришини таъкидлади. Унинг айтишича, ислом молияси нафақат диний тамойилларга амал қилувчи фуқаролар учун, балки молиявий тизимни янада хилма-хил ва барқарор қилиш учун ҳам муҳим. Бу эса жамғармаларни иқтисодиётга жалб этиш ва янги инвестицияларни кўпайтиришга хизмат қилади.

Экспертнинг фикрича, Ўзбекистонда ислом банкчилиги ривожланиши билан бирга сукук (қимматли қоғозларнинг исломий тамойилларга мос келувчи тури) каби молиявий инструментлар бозори ҳам кенгайиши керак. Бунинг учун сукук мунтазам ва олдиндан эълон қилинган жадвал асосида амалга оширилиши муҳим. Банклар бозорга қачон янги инструментлар чиқишини олдиндан билса, ўз ликвидлигини тўғри режалаштира олади. Бу эса молия бозорининг барқарор ишлашига хизмат қилади.
Халқаро экспертларнинг фикрлари шуни англатадики, замонавий марказий банкнинг муваффақиятида энг муҳим омил жамоатчилик ишончини қозониш, қарорларни содда ва тушунарли тилда изоҳлаш ҳамда иқтисодий сиёсатда шаффофликни таъминлашдир. Шу билан бирга, Ўзбекистон учун ислом банкчилиги ва сукук бозорини босқичма-босқич ривожлантириш, молия тизимини янада диверсификация қилиш ва инвесторлар учун башорат қилинадиган муҳит яратиш ҳам долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА ЎзА