Халқ вакилларининг масъулияти ва маҳорати оширилмоқда
Урганчда халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда доимий комиссиялар иш самарадорлигини ошириш мақсадида махсус ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинар давомида комиссия раисларининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, сессия кун тартибига масалаларни тайёрлашда сифат ва таҳлилга алоҳида урғу бериш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Алтибай Раджабов иштирок этиб, доимий комиссия раисларининг ваколатлари ва олдиндаги муҳим вазифалар юзасидан маъруза қилди.

– Халқ депутатлари вилоят Кенгаши фаолиятида янги мазмун ва самарадорлик даври бошланмоқда, – дейди Алтибай Раджабов. – Зеро, бугунги кун депутати нафақат халқ овози, балки ислоҳотларнинг ижросини таъминловчи асосий куч бўлиши лозим. Бунинг учун эса тажриба ва маҳорат мактаби бўлиши керак. Вилоят Кенгаши фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш, доимий комиссияларнинг иш суръатини ошириш мақсадида ташкил этилган бугунги ўқув-семинари ҳам чинакам мулоқот ва тажриба майдонига айланди.

Семинарда асосий эътибор комиссиялар томонидан ижро ҳокимияти органлари ҳисоботларини эшитиш тартиби, кенгаш қарорлари ва дастурлар ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш механизмлари, доимий комиссияларнинг чораклик ва йиллик иш режаларини шакллантиришдаги долзарб йўналишлар каби масалаларга қаратилди.
Ўқув-семинар якунида комиссия раисларига ўз йўналишлари бўйича иш фаолиятини янада кучайтириш юзасидан аниқ тавсиялар ва услубий кўрсатмалар берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири