Халқ ва армия якдиллиги йўлида
Мамлакатимиз мустақиллиги халқимиз эришган улуғ неъмат сифатида эътироф этилади. Уни янада мустаҳкамлаш юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг фаоллиги ва фидойилигига боғлиқ.
Бу борада Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳам самарали фаолият кўрсатмоқдаки, шу орқали халқ ва миллий армия ўртасидаги узвий бирликни, ҳамфикрликни ва якдилликни мустаҳкамламоқда, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчилик фикрини шакллантириб, Ватанимиз мудофаа қудратини оширишнинг долзарб масалаларини атрофлича ўрганиш, шу асосида тегишли таклиф, тавсиялар ишлаб чиқиш ва мана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, халқ ва армия якдиллигини таъминлашдек муҳим вазифаларни бажармоқда. Кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида Қуролли Кучлар устидан самарали фуқаролик назорати механизми мукаммал тарзда шаклланиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Бу эса Жамоатчилик кенгашининг мамлакатимиз барча ҳудудларини қамраб олган фаолияти мисолида янада ёрқин акс этмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашини тузиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Албатта, бу ташаббус бугунги кунда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бу борада жамоат ташкилотларининг роли ва мавқеини юксалтириш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди. Зеро, жамоат ташкилотлари, жамоатчилик назоратининг фаолият кўламини кенгайтириш бўйича бундай ноёб амалиёти, фикримча, хориж тажрибасида ҳали мавжуд эмас.
Жамоатчилик кенгашининг юқорида кўрсатилган масалалар юзасидан эришган ютуқларини эътиборга олган ҳолда кейинги йилларда унинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва имкониятларини кенгайтиришга объектив зарурат туғилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали йиғилишда Мудофаа вазирлиги ҳузурида тузилган Жамоатчилик кенгашининг халқ ва армия бирдамлигига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, ушбу Кенгашнинг минтақавий бўлинмаларини тузиш орқали унинг имкониятларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Шу боис 2017 йилнинг 23 августда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Шунингдек, тасдиқланган Низом асосида Кенгаш аъзоларининг вазифалари ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

Кенгашнинг мақсад ва вазифаларига кўра, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатига дахлдор энг долзарб масалаларга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришдан бошлаб, резервга бўшатилган фуқароларнинг ижтимоий ва профессионал мослашувигача бўлган масалаларни ҳал этиш, шунга доир таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиши лозим деб белгиланди. Хўш, ўтган йиллар мобайнида Жамоатчилик кенгаши аъзолари мазкур муҳим вазифаларни бажаришни қай даражада уддалади? Таъкидлаш жоизки, Жамоатчилик кенгаши ташкил топган кундан бошлаб, Мудофаа вазирлиги фаолияти шаффофлигини таъминлашга, ҳарбий хизматчиларга муносиб хизмат ва маиший шароитлар яратишга, ҳарбий қисмларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни сақлашга, ҳарбий хизмат мавқеини оширишга, чақирувга қадар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни маънавий-маърифий ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашни такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳарбий қисмлардаги шарт-шароитлар, ҳарбийларимизнинг ҳаёти ва хизмат фаолияти жараёнлари жамоатчилигимизнинг кўз ўнгида, худди кўзгудагидек намоён бўлишида, шу билан бирга, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда, айни чоғда ёшларимизни ҳарбий хизматга тайёрлаш, юртдошларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳам Жамоатчилик кенгаши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мен бугун амалга оширадиган ишларимиз ҳам кўлами, ҳам мазмун-моҳияти жиҳатидан ўзига хос аҳамиятга эга эканига эътибор қаратмоқчиман. Чунки бу борадаги режа ва дастурларимиз аниқ манзилли, тезкор, ихчам ҳамда замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда ўтказиладиган сермазмун, манфаатли ва қизиқарли тадбирларни ўзида мужассам этади. Мақсадимиз, авваламбор, тинчликни асраб-авайлаш, унинг қадрига етиш, тинчликни тараннум этиш, десак, муболаға бўлмайди.
Эътибор беринг, биз инсоният тарихидаги энг ривожланган даврда яшаяпмиз. Фан-техника тараққиёти янги-янги босқичларга кўтарилмоқда, одамларга қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бироқ тинчлик, ҳаёт аввалида бўлганидек, ҳозир ҳам энг тансиқ неъмат. Буни дунёнинг ҳар кунги манзараси инсониятга бот-бот эслатиб турибди. Мустақиллик йилларида халқимиз эришган энг катта бойлик, ҳеч шубҳасиз, тинч-тотув ҳаётимиздир. Бугун Ўзбекистонда туғилиб, улғайиб, вояга етаётган ёшларимизнинг ҳар бири ўз ҳаётини, келажагини мана шу буюк ва муқаддас, бетакрор Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги билан уйғун кўради. Осуда, хотиржам ва саодатли ҳаётимизнинг қадрига етиб, уни янада зиёда қилишни кўнглидаги энг тоза ва покиза ният, доимий интилажак ёруғ манзил деб билади. Шунинг учун ҳам Жамоатчилик кенгаши фаолияти доирасида ёшлар билан ўтказиладиган тадбирларимизни уларнинг орзу-истаклари, эзгу интилишларидан келиб чиқиб ташкиллаштирамиз. Бу тадбирлар доирасида театр ва кино усталари, хонанда ва санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, олимлар ва маънавият тарғиботчилари билан учрашув ҳамда мулоқотлар тизимли ва мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Бир сўз билан айтганда, Жамоатчилик кенгаши ҳар доим ҳарбийлар ва ёшлар билан, кенг жамоатчилик билан бирга.

Биргина 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида Жамоатчилик кенгаши ва минтақавий бўлинма аъзолари кенгаш Низомида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан ҳарбий қисм, муассасалар, билим юртлари ва маҳаллаларда ўтказилган 400 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирларда, яъни Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилинган курсантларнинг Ватанга қасамёди ва битирув маросимларида, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни тантанали кутиб олиш ҳамда хизмат муддатини ўтаб бўлганларни кузатиш маросимларида, «Аскар оналарини шарафлаймиз», «Аскар маҳалла меҳмони», «Менинг дўстим аскар» каби маънавий-маърифий тадбирлар ва видеомулоқотларда, байрамлар ва муҳим саналар арафасида ҳарбий қисм ва муассасаларда ўтказиладиган тантанали тадбирларда, ҳарбий қисм ва муассасаларда, дала ўқув майдонларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида уюштирилган ташрифларда, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинишда шаффофликни таъминлаш мақсадида тест жараёнларида, касб-ҳунар коллежларида ва умумтаълим мактабларида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга бағишланган тадбирларда, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзолари иштирокида ўтказилган сайёр қабулларда, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан бандлиги таъминлаш мақсадида ўтказилган «меҳнат ярмаркалари»да, «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди» шиори остида Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ҳамда хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларига уюштирилган хайрия тадбирларида, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларининг ҳуқуқий ва тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган давра суҳбатлари ва семинарларда, Мудофаа вазирлиги раҳбарияти иштирокида ўтказиладиган тактик ўқув машғулотларида ҳамда халқ ва армия бирдамлигига эришиш мақсадида ҳарбий хизматчилар иштирокида маҳаллаларда ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этдилар.

Дарҳақиқат, Кенгаш аъзолари ҳар доим фаол. Жумладан, Жамоатчилик кенгаши аъзоси – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баходир Умурзаковнинг бевосита иштирокида Мудофаа вазирлиги билан тузилган Қўшма қарорга асосан ҳозирги кунда ҳарбий хизматчиларнинг тўрт юздан ортиқ оила аъзолари касб-ҳунарга ўргатувчи мономарказларда бепул таҳсил олди.
Жамоатчилик кенгаши аъзоси, «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси Светлана Инамованинг саъй-ҳаракатлари билан ҳарбий хизматчиларнинг олис гарнизонларда истиқомат қилаётган 1000 га яқин оила аъзолари бепул тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларга бепул дори-дармонлар тарқатилди. Тиббий саводхонлигини ошириш мақсадида улар билан давра суҳбатлари ўтказилди. Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Холбутаевнинг ташаббуси билан ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналарига, Мудофаа вазирлигига қарашли «Тонг» болалар соғломлаштириш оромгоҳига Ёзувчилар уюшмаси ижод фонди томонидан уч мингдан ортиқ бадиий адабиётлар беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди. Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Хожиматов томонидан Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган турли танлов ва мусобақалар иштирокчиларига беш юздан ортиқ бадиий адабиётлар совға қилинди.
Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфованинг ташаббуси билан Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган «Намунали ҳарбийлар оиласи» кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этган тўққиз нафар оилага қимматбаҳо совғалар ажратилди. Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратулла Рафиков муддатли ҳарбий хизматга кетаётган йигитларга Касаба уюшмаси томонидан совғалар улашишда ҳамда хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини байрамлар арафасида моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишларига узоқ йиллар давомида бош бўлиб келмоқда.

Ҳозирги кунда Жамоатчилик кенгашининг Жиззах, Фарғона, Сурхондарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий бўлинмалари ўз фаолиятларини ҳарбий қисм ва муассасалар билан ҳамкорликни фаол йўлга қўйганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Хотира ва қадрлаш куни арафасида Республика «Нуроний» жамғармаси билан ҳамкорликда Кенгашнинг Навоий, Сирдарё, Тошкент вилояти минтақавий бўлинмалари томонидан уюшмаган ёшлар ва фахрийларнинг Тошкент шаҳрида жойлашган “Fалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташрифлари уюштирилди. Тадбир доирасида фахрийлар, ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Жамоатчилик кенгашининг Жиззах вилояти минтақавий бўлинмаси томонидан Жиззах гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар фарзандларининг пойтахтимиздаги “Fалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташрифи уюштирилди. Ҳарбий оркестр садолари остида кутиб олинган болажонлар «Шон-шараф» музейи экспонатлари билан яқиндан танишди. Ўқувчи-ёшлар билан «Мен Ўзбекистоннинг бахтли фарзандиман» мавзусида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Жамоатчилик кенгаши аъзолари, шоир ва ёзувчилар, актрисалар ва Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг чиқишлари тадбирга байрамона руҳ бағишлади. Болажонларга ташкилотчилар томонидан китоблар жамланмаси совға қилинди.
Бир сўз билан айтганда, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ўз зиммасидаги вазифаларни шараф билан адо этмоқда. Албатта, эзгулик яна бир эзгуликка йўл очади. Бу мақолни ҳаётий шиорга айлантирган, елкасидаги масъулият залворини доим ҳис қилиб турадиган Кенгаш аъзолари бундан буён ҳам самарали фаолият олиб боришига ишончимиз комил. Бу ишонч Жамоатчилик кенгашининг истиқболи нурафшон эканлигидан далолат беради.
Содиқжон ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенатор, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги
Жамоатчилик кенгаши раиси