Халқ ва армия – бир жону бир тан
Миллий гвардиянинг Андижон вилояти бошқармасида “Халқ ва армия – бир жону бир тан” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни олдидан ташкил этилган тадбирда Миллий гвардия аскарлари, умумтаълим мактабларининг ўқувчилари иштирок этди. Унда сўз олганлар Ватан ҳимояси, юрт тинчлигини сақлаш муқаддас бурч, мамлакатимиз Қуролли Кучлари юксак жанговар салоҳиятга эга эканлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўқувчи -ёшлар қалбида ватанпарварлик, Қуролли Кучларимизга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий техникалар, қурол ва аслаҳалар кўргазмаси, шунингдек, хизмат итларининг чиқишлари намойиш этилди.
[gallery-15385]
Ўқувчи- ёшларнинг ҳарбий касб ҳақидаги тушунчаларини бойитиш мақсадида ўтказилган аскарларнинг жанговар тайёргарлиги бўйича амалий машғулот ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг ўқувчи -ёшлар ўртасида спортнинг шахмат-шашка, арқон тортиш, тош кўтариш турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Ҳарбий хизматчилар ва ходимлар томонидан ўқувчилар учун спортнинг камондан отиш ва қўл жанги турлари бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Тадбир доирасида ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирокидаги мулоқот янада қизиқарли кечди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга ҳарбийлардан батафсил жавоб олди.
Ижодкор ўқувчилар ўртасида “Менинг армиям – менинг фахрим” мавзусида тасвирий санъат асарлари бўйича танлов ўтказилди. Танлов ғолиблари Миллий гвардия вилоят бошқармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари