Халқ ва армия – бир тану бир жондир
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганига 30 йил тўлди.
Ўтган 30 йил ичида ҳарбий соҳада олиб борилган тизимли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг ҳарбий салоҳияти янада юксалди. Президентимиз Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган табригида таъкидланганидек, “Кейинги йилларда амалга оширган туб ислоҳотларимиз туфайли тарихан қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, тезкор ва ихчам миллий армияни ташкил этишга эришмоқдамиз...
...Муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ, эл-юрт ҳимояси йўлида метин қалқон бўлган мард ва жасур ҳарбийларимиз Ўзбекистоннинг чинакам ватанпарвар баҳодирлари, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Халқимиз ўзининг сизлар каби ботир ва довюрак фарзандлари – Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан ҳақли равишда фахрланади”.
Ушбу қутлуғ сана Навоий вилоятида ҳам кўтаринкилик билан нишонланди. Байрам дастлаб эрта тонгдан барча корхона, ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланиб, тинчлик ва осойишталик йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотираси яна бир бор ёдга олинди. Байрам тантаналари вилоят ҳокилиги тантаналар залида давом этди.
Дастлаб давлатимиз мадҳияси билан бошланган тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов йиғилганларни юртимиз тинчлиги ва халқимизнинг осуда ҳаётини тараннум этувчи айём – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллиги байрами билан табриклади.
– 13 январь куни Мудофаани бошқариш миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида алоҳида таъкидлаганидек, халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш бугун ҳам, келажакда ҳам энг устувор вазифамиз бўлиб қолади. Чунки фақатгина тинчлик-осойишталик мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланишининг асосий кафолатидир, – деди Н.Турсунов. – Албатта, бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда манзилли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Уларнинг барчаси халқимизнинг кечаги кундан бугун, эртага эса бугунги кундан кўра яхшироқ яшашлари учун амалга оширилмоқда. Энг муҳими, “Халқ ва армия – бир тану бир жондир”, деган улуғ ғоя ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан тинч ва осудалигимиз барқарорлиги, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда фидокорона хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига эсдалик ва кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.
– Юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишига, тинчлиги ва осойишталигига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз, – дейди “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 30 йил” эсдалик нишони совриндори – Навоий вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи Бегзод Усмонов.
– Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида тизимимиз моддий-техник базаси тубдан янгиланмоқда, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўлида қатор имтиёзлар берилмоқда. Энг муҳими, халқимизнинг Ватан ҳимоячиларига бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда. Юртбошимизнинг байрам муносабати билан йўллаган табригида алоҳида қайд этилганидек, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда жойлардаги ҳокимият идоралари ва халқимиз билан биргаликда бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қиламиз.
Байрам тантаналари Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида санъаткорлар томонидан ижро этилган Ватанни, она юртни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, театрлаштирилган томошалар билан давом эттирилди.
Байрам тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, қишлоқ ва овулларида давом этмоқда.
[gallery-5466]
Абдували БЎРИЕВ,
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА.