Халқ таълими ривожи учун беш йиллик дастур
Пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида таълимга янги методикаларни тадбиқ этиш, таълим сифатини оширишда халқаро экспертлар ва ташкилотларни жалб этиш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Учрашувда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Британия кенгаши, Америка кенгаши, UNESKO, UNISEF, JICA, KOICA каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Халқ таълими вазирлиги ва ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда таълимни ривожлантириш стратегиясини белгилаш, унда халқаро ташкилотларнинг ўрни ва имкониятларини аниқлаш, Таълим бўйича глобал ҳамкорлик фонди (GPE) ҳомийлигида тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар сарҳисоб қилинди.
Халқ таълимини ривожлантиришнинг беш йилга мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Бунда, мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш, улар учун узлуксиз методик ёрдам кўрсатиш вазифалари юклатилган А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти халқаро ташкилотлар ҳамкорлигини самарали ташкил этишга масъул қилиб белгиланган.

Учрашувда қайд этилишича, бугунги кунда республика мактабларида 504 минг нафар ўқитувчи фаолият юритади. Уларнинг 280 минг нафардан ортиғи, яъни 56 фоиз ўқитувчиларнинг салоҳияти талаб даражасида эмас.
Бу ўқувчиларда юқори малакали ўқитувчидан таълим олиш имконияти чекланганини англатади. Зеро, мактабда таълим сифати энг аввало шу мактабда ишлаётган ўқитувчилар сифати ва савиясига боғлиқ. Таълим сифати – ўқитувчи сифатидан юқори бўла олмайди. Маълумот учун, GPE 2002 йилда ташкил этилган ва қонуний равишда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи мақсадли жамғарма ҳисобланади. GPE фаолияти 21 та ривожланган донор давлатлар, жумладан, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади.'




Б.Мелиқулова,
ЎзА