«Халқ сўзи» ва «Народное слово» – халқ минбари, ишончли ахборот манбаи
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг расмий нашрлари – «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан ««Халқ сўзи» ва «Народное слово» феномени: миллий журналистикада институционал куч ва профессионал мезонлар мактаби» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти томонидан ташкил этилган анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамда Халқаро Нордик университети ҳамкорлигида ўтказилди.
Анжуманда сенаторлар, депутатлар, давлат бошқаруви органлари ва расмий доиралар вакиллари, журналистлар, медиа соҳаси мутахассислари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, мустақил тадқиқотчилар, докторантлар, сиёсатшунослар ва иқтисодчилар иштирок этди.

2026 йилда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ташкил топганига 35 йил тўлди. Шу муносабат билан ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция миллий журналистиканинг шаклланиши ва тараққиётида мазкур нашрларнинг ўрнини илмий-назарий ва амалий жиҳатдан таҳлил қилиш, уларнинг бой тарихий тажрибасини ўрганиш, замонавий медиа маконида босма нашрларнинг институционал аҳамияти ва профессионал масъулиятини муҳокама этишга бағишланди.
Халқаро анжуманда «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ҳусан Эрматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғининг ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид Кўчимов, Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев ҳамда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматов мазкур нашрларнинг мамлакатимиз медиа маконидаги ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритди.

– Ушбу газеталар мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзига хос ўрин тутади ҳамда давлатнинг расмий ва ишончли ахборот манбаларидан бири ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғининг ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев. – Интернет сайтлари ва тезкор ахборот воситаларидан фарқли ўлароқ, босма нашрлар чуқур таҳлилга асосланган мақолалар, салмоқли материаллар ва расмий позицияни тақдим этиши билан ажралиб туради. Бу эса жамиятда уларга нисбатан юксак ишончни сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда газеталар анъанавий босма шакл билан чекланиб қолмаяпти. Уларнинг электрон версиялари, веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ҳам кенг аудитория билан мулоқот йўлга қўйилган.

– Айнан 29 октябрь куни мана шу муҳташам залда йиғилиб турганимиз бежиз эмас, – деди «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматов. – Худди шу куни «Халқ сўзи» газетасининг илк сони дунё юзини кўрган эди. Бундан роппа-роса 35 йил аввал мазкур нашрлар ташкил этилган. Миллий медиа маконига янгича руҳ олиб кирган ушбу газеталар мустақиллик расман эълон қилинишидан олдин, 1991 йил 1 январдан бошлаб, ўзбек ва рус тилларида мунтазам чоп этила бошлади. Бу гўёки истиқлол тонгини кутиб олиш учун ёқилган маърифат машъали эди. Шу боис, бу икки газетани мустақиллик рамзларига айланган нашрлар сифатида эътироф этиш муболаға эмас. Зеро, улар шунчаки ахборот тарқатиш воситаси эмас, балки халқ сўзини ифода этиш, жамоатчилик фикрини акс эттириш ва янги давлатчилик тафаккурини шакллантиришга хизмат қилувчи минбар сифатида майдонга келди.
Анжуманда таъкидланганидек, 1991 йил 1 январдан мунтазам чоп этила бошлаган «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари мустақил Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий ва маънавий ҳаётини ёритиб келаётган нуфузли расмий ахборот манбалари ҳисобланади. Мамлакат тараққиётининг турли босқичларида мазкур нашрлар давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим жараёнларни ёритиш, қонунчиликдаги янгиликларни кенг жамоатчиликка етказиш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда ижтимоий мулоқотни ривожлантиришда муҳим ўрин тутди.
Газеталарнинг 35 йиллик фаолияти нафақат миллий матбуот тарихининг муҳим қисми, балки журналистикада масъулият, холислик, таҳлилий ёндашув ва сўз қадри каби профессионал тамойилларни қарор топтириш борасидаги бой тажриба ҳамдир.
Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган, рақамли платформалар ва сунъий интеллект медиа соҳасига тобора чуқур кириб келаётган бир шароитда анъанавий журналистиканинг жамият олдидаги вазифалари, ишончли ахборот манбаи сифатидаги ўрни ва масъулияти янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, конференция нафақат ўтган йиллар сарҳисоби, балки миллий журналистиканинг келгуси тараққиёт йўналишларини белгилашга қаратилган муҳим илмий ва профессионал мулоқот майдони ҳам бўлди.
[gallery-32248]
Анжуман доирасида «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг миллий журналистика тизимидаги институционал ўрни ва тарихий миссияси, парламент журналистикасининг тараққиёт босқичлари, қонун ижодкорлиги жараёнларини ёритиш тажрибаси ва жамоатчилик билан мулоқот механизмлари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, таҳририят фаолиятида профессионал стандартларга амал қилиш, журналистик этика, холислик ва ахборот учун масъулият, давлат ва жамият ҳаётидаги ислоҳотларни ёритишда таҳлилий журналистиканинг аҳамияти, босма нашрлар ва рақамли медиа ўртасидаги уйғунлик, сунъий интеллект даврида журналист касбининг ўзгариши, ахборот ишончлилиги ва медиа саводхонлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кадрлар тайёрлаш, «Устоз – шогирд» анъаналарини давом эттириш, профессионал маҳорат мактабини ривожлантириш, босма нашрлар, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шаклларини йўлга қўйиш каби масалалар ҳам анжуман иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. Миллий ва халқаро журналистиканинг бугунги ҳолати, истиқболлари ҳамда соҳанинг келгуси вазифалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу куни Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ташкил топганининг 35 йиллигига бағишланган тантанали бадиий кеча ҳам бўлиб ўтди.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА