Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари институти жорий этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Мазкур масала бўйича қўмита раиси Гулруҳ Аъзамова батафсил маълумот берди:  

— Ушбу қонун лойиҳаси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари институтини жорий этиш, унга бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири вазифасини бажариш ҳамда Кенгаш котибияти ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ваколатларини бериш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартиби лойиҳасини шакллантириш ҳамда уларни чақириш, доимий комиссиялар ишини мувофиқлаштириш ва бошқа ташкилий ваколатларга эга Кенгаш Раёсати институти жорий этилиб, унинг иш фаолияти тартиби белгиланяпти.

[gallery-28080]

Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари жамоатчилик асосида фаолият юритиши белгиланмоқда. Кенгаш сессияларида Кенгаш раиси бўлмаган тақдирда унинг ўринбосари раислик қилиши белгиланмоқда.  

Халқ депутатлари Кенгашларида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш бўйича “Кенгаш соати” институти жорий қилинмоқда. Ҳудудга оид масалалар бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишда мансабдорлар депутатларнинг саволларига жавоб бериши белгиланмоқда.  

Депутатлар томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берилган эди. Ўтган даврда масъул қўмитада ушбу таклифлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосли деб топилганлари ҳужжат матнида акс эттирилди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда жойларда Кенгашларнинг назорат фаолияти такомиллашувига хизмат қилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти фаолияти самарадорлигини таъминлайди, — деди Гулруҳ Аъзамова.  

Муҳокамаларда кўтарилган саволларга тегишли жавоблар қайтарилди ва қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Муҳтарама Комилова,  

Носир Ҳайдаров (сурат),

ЎзА